Тожикистонда ҳожиларни тантанали кутиб олиш тақиқланди

Тожикистонда ҳожиларни тантанали кутиб олиш тақиқланди

Мажлиси Намояндагон (Тожикистон парламенти қуйи палатаси) 8 май куни «Анъана ва маросимларни тартибга солиш тўғрисида»ги қонунга ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш масаласини муҳокама қилди. Тожикистон Дин ишлари бўйича қўмита раҳбари Сулаймон Давлатзода қонуннинг янги таҳрири замон талабларига жавоб беришини таъкидлади.

Қонунга киритилаётган ўзгартишларга кўра, Рамазон ва Қурбон ҳайитида болалар иштирокидаги анъанавий «Идгардак» тадбири тақиқланади. Унда болалар қариндошлари ва қўни-қўшниларининг уйларига бориб, уларни табриклайди, совғалар олади. Дин ишлари бўйича қўмита раҳбари парламентда сўзлаган нутқида «Идгардак» одати бошқа мамлакатларда йўқлигини, динда ҳам тилга олинмаганини, бундан ташқари, бу болалар учун хавфли эканлигини таъкидлади.

Шу билан бирга, Давлатзоданинг парламентда айтишича, қонун лойиҳасининг 11-моддасига кўра, тиббиёт муассасаларида ўғил болаларни бепул суннат қилиш муддати туғилгандан кейин 20 кундан 1 ойгача узайтирилди. Хайрия суннатлари билан боғлиқ меъёрлар бекор қилинди, чунки бу маросимлар оилавий маросимларга айланди.

Бундан ташқари, қонун лойиҳасининг 12-моддасида тўй билан боғлиқ иккитадан ортиқ маросим ўтказилмаслиги белгилаб қўйилган ва тўй билан боғлиқ бошқа тадбирлар тақиқланган.

Фуқароларга маблағларни тўйхона ва ресторанлардаги тўй дастурхони ўрнига хайрия ишларига, масалан, йўлларни таъмирлаш, сув қувурларини ётқизиш ва ижтимоий объектларни қуриш учун сарфлаш таклиф қилинган.

Шунингдек, ҳаж ёки умра зиёратига борганларни кутиб олишда ҳовлилар, кўчалар, маҳаллалар ва автомашиналарни байрамона безаш, совғалар тарқатиш тақиқланади.


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!