Самара вилоятида ҳам мигрантларга бир қатор тақиқлар қўйилди

Самара вилоятида ҳам мигрантларга бир қатор тақиқлар қўйилди

Самара вилоятида мигрантларга киосклар ва бозорларда чакана савдода ишлаш, умумий овқатланиш, шунингдек биноларни ижарага бериш тақиқланди, дейилади вилоят ҳукумати сайтида.

Вилоят губернатори вазифасини бажарувчи Вячеслав Федоришчев вилоятдаги савдо билан шуғулланувчи барча корхоналарга уч ой муддатда патент асосида ишлаётган барча муҳожирларни ишдан бўшатишни буюрди.

« Idel.Реалии»нинг аниқлик киритишича, губернатор вазифасини бажарувчининг фармони хорижликларнинг озиқ-овқат, ичимликлар ва тамаки маҳсулотлари, тўқимачилик, кийим-кечак, пойабзал ва бошқа товарлар чакана савдосида ишлашини тақиқлайди. Шунингдек, мигрантларга сут ва нон маҳсулотлари, болалар учун озиқ-овқат, ичимлик суви ишлаб чиқариш, умумий овқатланиш корхоналари ва озиқ-овқат етказиб бериш, алкоголли ичимликлар ва этил спирти, тамаки маҳсулотлари, дори-дармонлар, тухум ва сут маҳсулотларининг улгуржи ва чакана савдоси билан шуғулланиши ҳам тақиқланди.

Бундан ташқари, уларга маълумотларни қайта ишлаш фаолияти билан шуғулланиш, маълумотлар базаларини яратиш, маълумотларни жойлаштириш, уй-жой, квартира ва хоналарни қисқа муддатли ижарага беришга рухсат берилмайди.

Маҳаллий ҳокимиятларнинг таъкидлашича, чекловлар «фуқаролар хавфсизлигини таъминлаш ва меҳнат бозорини ҳимоя қилиш учун» киритилмоқда.

Ушбу чекловлар мавжуд чекловларни тўлдиради. Жорий йилнинг февраль ойида аввалги губернатор Дмитрий Азаров муҳожирларга такси, жамоат транспорти, таълим ва рекрутинг агентликларида патент бўйича ишлашни тақиқлаб қўйган эди.


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!