Россия-Украина урушида Россия номидан қатнашган 2 нафар ўзбекистонликка суд ҳукми ўқилди
Маълум қилинишича, судланувчи Т.А. 2023 йил апрель ойида Москва шаҳрига мавсумий ишлаш учун борган. У Ўзбекистон фуқароси бўла туриб, Россия Федерацияси Қуролли кучлари томонидан Украинанинг Шахта ва Бахмут шаҳарларида олиб борган ҳарбий ҳаракатларида 2023-йил декабрь ойига қадар иштирок этиб, 2023 йил 31 декабрь куни Россия Федерациясидан Ўзбекистонга қайтиб келган.
Ҳолат юзасидан суд иши ЖИБ Андижон шаҳар судида кўриб чиқилди.
Суд мажлисида судланувчи Т.А. Россия Федерацияси Қуролли кучлари томонидан жанговар ҳаракатларда иштирок этишлиги учун ҳар ой 450.000 рубль миқдорида пул тўланиши белгиланганини, унга дастлаб икки маротаба 150.000 рубль пул маблағи берилганини, лекин кейинчалик ҳеч қандай пул тўловлари амалга оширилмаганини, 2023 йил ноябрь ойига қадар жанговар ҳаракатларда иштирок этиб, Украинанинг 10 дан ортиқ ҳарбий хизматчиларини ўлдирганини маълум қилиб, пушаймонлигини билдирган.
Суд ҳукмига кўра, судланувчи Т.А. га нисбатан ЖКнинг 59,61-моддалари тартибида, тайинланган жазоларни қисман қўшиш йўли билан 4 йил 2 ой муддатга озодликни чеклаш жазоси тайинланди.
Шунингдек, яна бир ўзбекистонлик фуқаро А.Ҳ. Москвадаги хусусий олий таълим муассасаларида таҳсил олиш учун бориб, моддий манфаатдорлик эвазига Россия Федерацияси Қуролли кучлари сафида туриб, Украинага қарши жанговар ҳаракатларда иштирок этган.
Мазкур ҳолат юзасидан суд иши ЖИБ Қўштепа туман судида кўриб чиқилди.
Суд мажлисида судланувчи 4 ой давомида ҳарбий ҳаракатларда иштирок этиб, жоирй йилнинг 10 февраль куни Донецк вилоятига борганини, ҳарбий ҳаракатларда олган тан жароҳатлари сабабли 26 февраль кунига қадар, Донецк шаҳридаги госпиталда даволанганини маълум қилган.
Суд ҳукмига кўра, судланувчи А.Ҳ.га нисбатан ЖКнинг 154-моддаси 1-қисми билан 5 (беш) йил озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланиб, ЖКнинг 72-моддасига асосан, тайинланган жазо шартли деб 3 (уч) йил синов муддати белгиланди.