Россия ҳарбий-денгиз флоти кенг миқёсдаги ҳарбий машғулотларни бошлади

Россия ҳарбий-денгиз флоти кенг миқёсдаги ҳарбий машғулотларни бошлади

Россия ҳарбий-денгиз флоти 30 июль куни кенг миқёсли ҳарбий машғулотларни бошлаган. Бу ҳақда Россия ҳукумати манбаларига таяниб, Reuters нашри хабар берди.

Манбада айтилишича, машғулотларга Россия денгиз кучларининг 70 фоиздан ортиқ техникаси жалб қилинган. Бу денгиз машқлари 2019 йилдан бери ўтказилган энг йирик сув манёврлари экани маълум қилинган.

Россия Мудофаа вазирлиги ҳам денгиз машқлари ўтказилишини тасдиқлаган. Машғулотлар асосан Шимолий Муз ва Тинч океанлари, Болтиқ ва Каспий денгизларида амалга оширилади.

Россия денгиз машғулотларига 20 минг ходим ва 300 та ҳарбий кема жалб қилинган. Ушбу контингент иштирокидаги манёврлар барча даражадаги ҳарбий-денгиз кучларининг тайёргарлиги ва имкониятларини синовдан ўтказишни мақсад қилгани айтилган.

Хабарда келтирилишича, сўнгги машғулотларда аввалгиларидан фарқли равишда зенит-ракета тизимлари, артиллерия, сувости кемаларига қарши қуроллар ва “пассив аралашув” қуроллари фойдаланилади. Барча шартли ҳарбий ҳаракатлар халқаро сувларда ёки Россиянинг ўз ҳудудида амалга оширилади.

“Россия ҳарбий-денгиз кучларининг бўлинмалари ва қўшинлари Шимолий Муз, Тинч океанлари ва Болтиқ флотининг тезкор зоналарида, шунингдек, Каспий денгизи флотилияси зонасида режали ўқув машғулотларини ўтказишни бошлади”, дейилади Россия Мудофаа вазирлиги хабарида.

Бир қанча манбалар Россия машғулотларда 50 дан ортиқ самолёт ва тури аниқланмаган 200 дан ортиқ махсус техника ишлатишини хабар берган. Бу махсус техника катта эҳтимол билан узоқ масофали баллистик ракета бўлиши мумкинлиги тахмин қилинган.


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!