Энди тадбиркорларнинг товарлари эркин ҳаракатланишини чеклашга йўл қўйилмайди
“Тадбиркорлик фаолияти эркинлигининг кафолатлари тўғрисида”ги қонунга қўшимча ва ўзгартиришлар киритилди.
Унга кўра, тадбиркорлик субъектлари товарлари, хизматлари, меҳнат ресурслари ва молиявий маблағларининг Ўзбекистон ҳудудида эркин ҳаракатланиши, ушбу субъектлар давлат рўйхатидан ўтган ҳудудидан қатъи назар, кафолатланади.
Тадбиркорлик субъектлари товарлари, хизматлари, меҳнат ресурслари ва молиявий маблағларининг ҳудудий принцип бўйича эркин ҳаракатланишини чеклашга, тўхтатиб туришга ва тақиқлашга йўл қўйилмайди.
Сўнгги йилларда хўжалик юритувчи субъектлар томонидан ўрнатилган тартибда харид қилинган пахта чигитини бир вилоятдан (шаҳардан) бошқа вилоятга (шаҳарга) олиб чиқишда муаммоларга дуч келаётганлиги юзасидан норозиликлар билдирган кўплаб мурожаатлар бўлганди.
Янги таҳрирдаги Конституцияда Ўзбекистон ҳудудида иқтисодий макон бирлигининг, товарлар, хизматлар, меҳнат ресурслари ва молиявий маблағлар эркин ҳаракатланишининг кафолати мустаҳкамланди.
Тадбиркорлик субъектлари товарлари, хизматлари, меҳнат ресурслари ва молиявий маблағларининг, ушбу субъектлар давлат рўйхатидан ўтган ҳудуддан қатъи назар, Ўзбекистон ҳудудида эркин ҳаракатланишига доир ҳуқуқи таъминланишини назарда тутувчи ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш назарда туртилган қонун қонунчилик палатаси томонидан 2024 йил 5 мартда қабул қилинган, Сенат томонидан 2024 йил 18 майда маъқулланган.