«Қўрқит ота» мероси ЮНЕСКОнинг номоддий мерослари рўйхатига киритилди

«Қўрқит ота» мероси ЮНЕСКОнинг номоддий мерослари рўйхатига киритилди
Маврикия Республикасининг пойтахти Порт-Луисда ўтган ЮНЕСКОнинг номоддий маданий меросларни муҳофаза қилиш тўғрисидаги ҳукуматлараро қўмитаси йиғилишида 9 та янги элемент рўйхатдан жой олди. Уларнинг ичига «Қўрқит ота» мерослари ҳам киритилди, деб хабар тарқатди Қозоғистон ахборот агентлиги. 
 
“Қўрқит ота” меросларини ЮНЕСКОнинг номоддий мерослари қаторига киритиш ишлари ўтган йилдан бошланган, дейилади хабарда. Бунда Қозоғистон томони ташаббус билан чиққан ва Туркия, Азарбайжон давлатлари қўллаб-қувватлаган. 
Ҳужжат ЮНЕСКОнинг номоддий маданий мерослари рўйхатига «Қўрқит ота мероси: 
достон, афсона ва мусиқа» номи билан киритилди. Қўрқит (X а.) – қўбизнинг отаси, композитор, жиров, шоир, мусиқачи, бахшилар ғамхўрчисидир. Қўрқит ота туркий халқлар урф-одатини, эътиқодларини, бошқа халқлардан ўзгачалигини, умуман, ижтимоий хусусиятини ёзиб қолдириб, уни бугунги кунга қадар етказган буюк санъат устасидир. Қўрқит отанинг бизнинг замонимизгача етиб келган 12 та достони бор. Уларнинг саккизи ички ва ташқи урушлар тўғрисида. Иккиси ошиқлар ҳақида, иккаласи эса мифологик талқинда берилган. Қадимда ҳозирга қадар унинг "Қўрқит", "Елмоя", "Тарғил тана", "Элим-ой", "Учарнинг улиши" каби куйлари ҳам сақланган. 
 
Туркий халқларда «Куй отаси — Қўрқит" деган сўз шундан қолган бўлса ажаб эмас. 
 
Олтойдан тарқалган бутун туркий халқлар бобоси, қўбизнинг эгаси, миф ва фольклорнинг отаси саналадиган Қўрқит ота мероси инсоният тарихида алоҳида из қолдирган жараён сифатида саналади.
 
— Қорақалпоқ халқининг VII-VIII асрлардаги меросларидан сўз юритсак, албатта, Қўрқит ота тўғрисида айтишга тўғри келади, – дейди Нукус давлат педагогика институти доценти, фольклорчи-олима Мария Бекбергенова. – Дунё адабиётларининг кўпчилигига "Китаб и дедам Қорқут" (Қўрқит ота китоби) номи билан машҳур китобдаги афсоналар қорақалпоқ, қозоқ, ўзбек ва түркман халқлари ўртасида кенг тарқалган. 
 
Қўрқит ота ўз даврининг истеъдодли сўз устаси, яъни шоири бўлганлиги боис, ундан кўп аср кейин яшаган туркий халқларнинг буюк шоири Алишер Навоий ва Абдураҳмон Жомийлар ҳурмат ила ўз асарларида тилга олган. ХVI асрдаги Хоразм ҳукмдорларидан бири, тарихчи Абулғози Баҳодирхоннинг "Шажарайи тарахима", "Шажарайи турк" асарларида ҳам Қўрқит ота тўғрисида фикрлар учрашади. 
 
Қорақалпоқ жировлари эса Қўрқит отани ўзларига руҳий пир, устоз тутган. Қорақалпоқ жировлари ўз достонларини, тўлғов ва термаларини куйлашдан аввал Қўрқит ота руҳига сиғинар экан.
 
Қўрқит ота китоби ("Китаби дедам Коркут") ўғуз-қипчоқларнинг қаҳрамонлик достони бўлиб, VIII-ХII асрлардаги Сирдарё бўйидаги ўғуз-қипчоқларнинг турмуш тарзидан сўзловчи адабий эсдалик саналади. Ундаги воқеалар аслида VIII асрда пайдо бўлган, китоб эса ХVI асрда Озорбайжонда "Китаби дедам Коркут ғали лисан тайфа оғузан" деган ном билан хатга туширилган. Қўрқит ота китоби сюжетлари Сирдарё яқинидаги Янгикент қалъаси атрофида пайдо бўлган. 
 
Қўрқит отанинг қабри ҳам айнан шу ерда, қорақалпоқларнинг тарихий ватани Сирдарёнинг қуйи томонида – Янгикент қалъаси атрофида жойлашган. Унинг қайси йилларда, қанча вақт умр кўргани ҳақида аниқ маълумотлар йўқ. Кўпчилик манбаларда 95 йил яшагани айтилади.
 
«Китаби дедам Коркут» (Дед (деда) сўзи аслида қадимий сакларнинг сўзидан олинган ва бизнингча "ота" маъносини англатади) ҳозиргача икки нусхаси сақланган, уларнинг биринчиси – Дрезден (Германия) нусхаси, иккинчиси эса Ватикан (Италия) нусхаларидир. Дрезден нусхасида 12 сюжет сақланган, Ватикан нусхасида эса шунинг 6 тасигина мавжуд.
 
Manba: uza.uz

Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!