Қозоғистонлик блогердан гиёҳванд моддаларини сотиб олиб, оёқ кийим пошнасида Ўзбекистонга олиб кириш билан шуғулланган эр-хотин ушланди

Қозоғистонлик блогердан гиёҳванд моддаларини сотиб олиб, оёқ кийим пошнасида Ўзбекистонга олиб кириш билан шуғулланган эр-хотин ушланди

Тошкент вилояти ИИББ тезкор ходимлари томонидан ўтказилган тадбир давомида, гиёҳвандлик воситаларини интернет орқали сотиб олиб, чегарадан махсус ясалган оёқ кийимнинг пошна қисмида олиб ўтиб бизнес қилувчи эр-хотиннинг ноқонуний савдосига чек қўйилди. Бу ҳақда Тошкент вилояти ИИББ хабар берди.

Маълум қилинишича, жорий йилнинг 21 январь куни ИИББ тезкор ходимлари ҳамда ЙҲХБ инспекторлари билан ҳамкорликда ўтказилган тадбир давомида, Чирчиқ шаҳри Интизор кўчаси бўйлаб ҳаракатланаётган оқ рангли Spark автомобили тўхтатилиб, автомашина ҳайдовчиси Р.Ю.нинг ҳужжатлари текширилган. Текширув чоғида ҳайдовчи ўзини шубҳали тутиб, ноўрин хатти-ҳаракатлар қилганлиги сабабли, автоулов салони холислар иштирокида кўздан кечирилган.

Кўздан кечириш давомида автоулов салони ичида 3 та гугурт қутига қадоқланган жами 12 грамм марихуана гиёҳвандлик воситаси, 10 дона оқ рангли қоғоз бўлакларига ўралган жами 6,2 грамм spice синтетик гиёҳвандлик воситаси борлиги аниқланиб, холислар иштирокида далилий ашё сифатида олинган.

Фото: Тошкент вилояти ИИББ

Шундан сўнг, тезкор тадбир давом эттирилган. Ҳайдовчи ушбу гиёҳвандлик воситаларини Чирчиқ шаҳрида яшовчи ўзининг танишлари эр-хотин Б.М. ва А.Х.дан олганлиги маълум қилган.

Б.М. ва А.Х.нинг жиноий фаолиятига чек қўйиш мақсадида ўтказилган тадбир натижасида, улар махсус харидорга 1,5 миллион сўм пул эвазига 9,2 грамм spice синтетик гиёҳвандлик моддасини сотаётган вақтида ашёвий далиллар билан қўлга олинган. Унинг яшаш хонадони кўздан кечирилганда, хонадонида бўлган Ф.И.да 1,1 грамм ва уйида 5,46 грамм spice синтетик моддаси борлиги аниқланиб, далилий ашё сифатида олинган.

Ушбу олинган гиёҳванд ва психотроп моддаларнинг манбасини аниқлаш бўйича олиб борилган суриштирув ишлари натижасида, Б.М.нинг хотини А.Х. юқорида келтирилган 12 грамм марихуана ва 20 граммдан ортиқ spice синтетик гиёҳвандлик моддаларини қозоғистонлик ижтимоий тармоқ блогеридан олиб, доимий равишда Ўзбекистон божхона чегара масканларидан махсус тайёрланган оёқ кийимининг пошнасига яширган ҳолда олиб ўтганлиги аниқланган.

Мазкур ҳолат юзасидан Чирчиқ шаҳар ИИБ ҳузуридаги Тергов бўлими томонидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 273-моддаси 5-қисми билан жиноят иши қўзғатилган. Ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!