Қозоғистон рақамли тенгени ишга туширди

Олма-ота шаҳрида Қозоғистон молиячиларининг ХI Конгресси доирасида рақамли тенгени ишга тушириш маросими бўлиб ўтди. Миллий тўлов корпорацияси раиси Бинур Жаленов лойиҳа тақдимоти чоғида рақамли тенгедаги картадан фойдаланган ҳолда биринчи харидни амалга оширди. Бу ҳақда мамлакат Миллий банки сайтида хабар берилди.
“Таъкидлашни истардимки, ушбу дастур Марказий банкдаги рақамли валюта ҳисобига уланган дунёдаги биринчи дебет тўлов картасидир”, дейди Жаленов маросимда.
Қозоғистон Миллий банки иккинчи даражали банклар ва уларнинг мижозлари иштирокида рақамли тенге платформасини синовдан ўтказди. Платформа архитектураси банк мижозларига хизмат кўрсатувчи банкнинг мобил иловасида рақамли ҳисоб очиш орқали рақамли тенгедан фойдаланиш имконини беради.
Рақамли тенге нақд ва нақдсиз пулларнинг мавжуд афзалликларини ўзида мужассам этган ҳолда, мақсадли ижтимоий тўловлар учун янги имкониятлар очади, давлат харидлари самарадорлигини оширади, трансчегаравий тўловларни оптималлаштиради ва дастурлаштириладиган тўловларни яратади. Рақамли тенгенинг уч босқичли амалга оширилиши 2025-йил охиригача якунланиши кутилмоқда.