Россия Конституциясини яна янгилайдими?

Россия ҳукумати яқин келажакда Конституцияга янги ўзгартиришлар киритиши мумкин. Бу ҳақда Давлат думаси вице-спикери Пeтр Толстой Санкт-Петербург халқаро юридик форумида сўзлаган нутқида айтиб ўтди.
Толстойнинг сўзларига кўра, Украинада кенг кўламли уруш бошланганидан бери "кўп нарса ўзгарди" ва мамлакат ўзининг Асосий қонунини янгилаши керак.
" Конституцияга ўзгартиришлар киритилганига беш йил бўлди ва аминманки, амалдаги Конституциямиз қандай шароитларда ёзилганини ҳисобга олсак, бу ўзгаришлар охиргиси эмас. Ишончим комилки, бу ўзгаришлар бизни ҳали олдинда. Ва улар биз беш йил аввал муҳокама қилганимиздан анча муҳимроқ бўлиши мумкин ", деди у.
Толстой, шунингдек, сўнгги ўн йилликларда Россия глобал ҳуқуқий амалиётни фаол равишда ўзлаштирганини таъкидлади, аммо уларнинг кўплари "ғарбий бўлиб чиқди ва илдиз отмаган".
Россия Конституциясига сўнгги йирик ўзгартиришлар 2020 йилда киритилган . Кейин, умумхалқ овоз бериш натижаларига кўра, Президент Владимир Путиннинг президентлик муддати "нолга тенглаштирилди".
Бунгача 2008 йилда Конституцияга ўзгартиришлар киритилган: президентлик муддати тўрт йилдан олти йилгача оширилган. Ўшанда тузатишлар 2008 йилдан 2012 йилгача президентлик қилган Дмитрий Медведев томонидан таклиф қилинган эди.
2022-йилда Конституцияга Украинанинг Луганск, Донецк, Запорожя ва Херсон вилоятларини Россия таркибига киритишни таъминловчи ўзгартиришлар киритилди. Бу ўзгаришлар қўшиб олинган ҳудудларни халқаро тан олишга қаратилган сиёсатнинг бир қисми бўлди.
Илгари Россия ҳукумати вакиллари бир неча бор Асосий қонунда мустаҳкамланган давлат мафкурасига қўйилган тақиқни қайта кўриб чиқишга чақиришган. Бундай тузатиш зарурлигини адлия вазири Константин Чуйченко ва Тергов қўмитаси раҳбари Александр Бастрикин билдирган. Иккинчиси давлат мафкураси масаласини "шунчаки четга суриб бўлмайди", деб таъкидлади.
Россиянинг амалдаги Конституцияси 1993 йил 12 декабрда умумхалқ овоз бериш йўли билан қабул қилинган.