«Қимор жамиятга қандай фойда келтириши мумкин?!»

«Қимор жамиятга қандай фойда келтириши мумкин?!»

Ўзбекистонда "букмекерлик орқали футболни ривожлантирамиз" ниқоби остида халқ бошига катта офатлар олиб келиши мумкин бўлган фаолият қонунийлаштирилиш арафасида.

Бу ҳақда Ислом молияси қандай фикрда?

Қимор, пул-буюм лотереялари, турли пуллик “ўйинлар” фақат одамларнинг омад ва мўъжизага бўлган кўр-кўрона ишончи, дангасалиги, очкўзлиги, меҳнат қилмасдан бир зумда бойиб кетиш иштиёқи туфайли ҳанузгача ривожланиб бормоқда. Интернетда қиморхоналарда ютиш эҳтимолининг жуда ҳам камлиги тўғрисидаги маълумотлар жуда кўп, шуларнинг бири билан мана бу ҳаволада танишишингиз мумкин.

Ваҳоланки, қимор ўйнашга киришаётган ҳар бир одам (а) ютуқ эҳтимоли ютқизиш эҳтимолидан солиштириб бўлмайдиган даражада камлигини бошиданоқ тушунади, (б) пулларини фикр-мулоҳаза асосида эмас, эҳтиросга берилган ҳолда гардкамига ишлатиш қарорини қабул қилади.

Ўйинлар назарияси

Нол (на зарар, на фойда) натижали ўйинлар. Бундай ўйинларда бир тарафнинг мағлубияти эвазига иккинчи тараф ғалаба қозонади. Бунга яққол мисол бўлиб турли қимор ўйинлари, лотереялар ва шу каби одамларнинг эҳтирос ва иштиёқига асосланган ўйинлар хизмат қилиши мумкин. Ислом ҳуқуқшунослиги иштиёққа асосланган гардкамчиликнинг ҳар қандай турини, жумладан шундай гардкамчиликка асосланган тадбиркорлик фаолиятини ҳам мутлақо тақиқлайди. Бунинг бир қанча сабаблари бор:

- бойликларни тақсимлашдаги яққол адолатсизлик, яъни мақсадсиз равишда пул сарфлаган ўн/юз/минглаб кишиларнинг ҳисобидан бир нечта кишигина бойлик орттиради (ва одатда бундай осонлик билан меҳнатсиз топилган бойлик тезда исроф бўлиб йўқолиб кетади);

- номутаносиб айирбошлаш ҳолати вужудга келиши, яъни сарфланган маблағ (лоторея ёки қимор учун сарфланган пул) эвазига бирор бир қийматга эга бўлган нарса олинмайди. Бундай номутаносиб айирбошлаш Аллоҳ томонидан тақиқланган бўлиб, “бировнинг молини ноҳақ ейишга” киради.

- қимор бирор бир иқтисодий манфаат келтирмайди. Ислом ҳуқуқшунослигига асосан сармоя бирор фойдали маҳсулот ва хизматларга сарфланиши зарур. Қимор эса мавжуд бўлган бойликларни адолатсиз равишда қайта тақсимлайди холос. Бошқачасига буни қонун доирасидаги ўғрилик деб аташ мумкин.

- гардкамига қабул қилинадиган қарорлар доимо омадга боғлиқ бўлиб, онгли равишда қабул қилинган қарор деб бўлмайди. Аллоҳ таоло эса бизни ақлни ишга солиб, тафаккур асосида қарорлар қабул қилишга чақиради.

- гардкам қарорлар деярли доим мағлубиятга олиб боради, ислом дини эса бирор лойиҳани бошлашдан аввал ҳисоб-китоб қилишга ва лойиҳанинг муваффақиятли бўлиш эҳтимоли юқори бўлсагина пул тикишга ундайди, албатта, бу қимор концепциясига зид.

- бундай қарорлар ишёқмасликни, мўъжизага кўр-кўрона ишончни ва гўлликни келтириб чиқаради. Ислом эса меҳнат қилишга ва ҳалол йўл билан пул топишга чақиради.

- қимор ва гардкамига қабул қилинган бизнес қарорлар жамиятда табақаланиш пайдо бўлишига, одамлар бой ва камбағалга бўлинишига сабаб бўлади. Ислом дини эса доимо ижтимой адолат нуқтаи назаридан келиб чиққан ҳолда қарорлар қабул қилишга чақиради.

- қимор ва шу тоифага кирувчи ўйинлар ҳудди маст қилувчи ичимлик ва гиёҳванд моддалар каби тобеликни келтириб чиқаради, руҳий беқарорликка, аксилижтимоий ҳатти-ҳаракатларнинг пайдо бўлишига сабаб бўлади ва ҳақиқатда муҳим бўлган ишлардан чалғитади.

- қиморбозлик инсонни жиноят қилишга ундайди, зеро, пулини ютқазиб ҳеч нимасиз қолган инсон ҳар қандай йўл билан бўлса ҳам тез пул топишни ўйлайди ва ўғрилик, фирибгарлик, пораҳўрлик каби жиноий йўллар билан пул топиш тараддудига тушиб қолади.

- қимор ва ва гардкамига қабул қилинган бизнес қарорлар аксар ҳолларда ўз жонига суиқасд қилиш ҳолларининг кўпайишига, оилаларнинг бузилишига ва бошқа мусибатларга сабаб бўлади.

(Қимор ўйнашга ишқибозлар орасида ўз жонига қасд қилувчиларнинг нега кўп бўлиши масаласига бағишланган расмий илмий тадқиқотлар манбаси мана бу ерда. https://www. ncbi. nlm. nih. gov/pubmed/25808267)

Аллоҳ таоло Қуръони каримда (2:219, 5:90-91) жуда катта салбий - ҳам иқтисодий, ҳам ижтимоий, ҳам руҳий - оқибатлари борлиги сабаб қимор ва шу каби ўйинларни, ҳамда ўйламай, фақат омадга бўлган кўр-кўрона ишонч асосида қарор қабул қилишни тақиқлагандир, валлоҳу аълам.

Бироқ, шундай одамлар борки, улар гардкамчиликни маълум бир тавакалга (риск) асосланган бизнес қарорларга таққослаб, уларни бир бирига ўхшатишга уринадилар. Мисол учун, тадбиркор янги иш бошлаганида у бу ишни натижаси қандай бўлишини, ёки деҳқон экин экишни бошлаганда, унинг ери қанчалик ҳосилдор бўлишини билмай иш бошлайди. Лекин бундай ўхшатишлик умуман ноўрин, чунки тадбиркор ҳам, деҳқон ҳам табиий ноаниқлик шароитида қарор қабул қилишади, лекин бу қарорлар уларнинг билими, тажрибаси, ҳисоб-китоблари ва бошқа омилларга асосланган бўлади. Бундан ташқари, улар муносиб турмуш тарзини таъминлаш учун қўшимча иқтисодий манфаат келтиришади. Қимор жамиятга қандай фойда келтириши мумкин?!

Шундай қилиб, ислом, адолат ва одоб-ахлоққа асосланган ҳалол меҳнат устига қурилган ва ижтимоий манфаат пайда бўлишига сабаб бўлувчи ҳаётни ҳимоя қилади. Бунинг акси ўлароқ, қимор / гардкамчилик ва спекуляциялар адолатсизлик, телбалик, андишасизлик ва умидсизликка олиб боради.

Мақола билан тўлиқ бу ерда танишишингиз мумкин


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар


Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади, ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!