Қашқадарёда яна иккита нодавлат боғча кредит ололмагани сабабли ёпилди

Қашқадарёда яна иккита нодавлат боғча кредит ололмагани сабабли ёпилди

Чироқчи туманининг Уймовут қишлоғида жойлашган Болалар бизнинг келажагимиз номли нодавлат боғча ташкил қилган тадбиркор кредит ололмагани сабабли боғча фаолиятини тўхтатди. Туманнинг Аннарўз қишлоғида жойлашган Аннарўз ғунчалари нодавлат боғчаси эса очилган куниёқ ёпилган. Бу ҳақда Turon24 га Болалар бизнинг келажагимиз нодавлат боғчаси раҳбари Дилором Турсунова маълум қилмоқда.

Мактабгача таълим бўлими мудири Зулфия Эргашевага туман ҳокими нодавлат боғча оч, агар кимдир очмаса ўзинг очасан деб топшириқ берган экан, дейди нодавлат боғча раҳбари Дилором Турсунова. Зулфия Эргашева, Мансур Раҳмонов ва 1-боғча мудири Ҳилола Худойбердиевалар келиб менга Боғча очсангиз кредит берилади, биз сизга ҳомийлик қиламиз дейишди. Шундан сўнг мен ҳам уларга ишониб, тайёргарликни бошлаб юбордим. Яшаб турган уйимизни қайта жиҳозлаб, 2018 йилнинг 1 апрель куни нодавлат боғча очдик. Телевидениедан кўрсатишди, туман масъуллари нодавлат боғча очилди деб ҳисобот топширишди. Боғчамиз 5 ой ишлади. Сўнгра ёпишга мажбур бўлдик. Кредит беришмади-да .

Дилором Турсунова нодавлат боғча очаман деб мурожаат қилганди, дейди Чироқчи туман мактабгача таълим бўлимининг собиқ мудири Зулфия Эргашева. Сўнгра Дилором Турсуновага тўғри тушунтириш бериб, сизда савдо ишлари ва гўзаллик салони бор экан, лойиҳангиз нодавлат боғча очишга тўғри келмайди деб тушунтирганимдан сўнг, тўғри тушуниб қайтиб кетганди. Кейин туман ҳокимлиги ва вилоят мактабагача таълим бошқармасидан бизга уйма-уй кириб, нодавлат боғча очинглар деб айтиб чиқасизлар деб топшириқ беришди. Бошқарма бошлиғи ҳар бир мудирга боғча очасан деб топшириқ берди. Шунда тумандаги 1-МТМ мудири Ҳилола Худойбердиева билан бирга Дилором опанинг ёнига бориб, тўғри тушунтириш бердик. Боғча очишига кўмаклашдик .

Аниқланишича, Дилором Турсунова раҳбарлигидаги нодавлат боғча 50 ўринли бўлиб, ҳар бир бола учун 60 минг сўмдан тўлов белгиланган. Нодавлат боғчада 8 та янги иш ўрни яратилган.

Дилором Турсунованинг маълумот беришича, у туман ҳокимлиги ва мактабгача таълим бўлими масъулларининг гапига ишониб, боғча очиш учун шароит ҳозирлаш мақсадида 10-15 та қорамолини ҳам сотиб харж қилган.

Уйимдаги 15 та қорамолимни ҳам сотдим, мактабдан олаётган ойликларимни ҳам сарфладим, дейди Дилором Турсунова. Очинг, кредит беради дейишса ишонибман-да. Бугунги кунда хонавайрон бўлиб ўтирибман. Биров келиб ҳолимни сўрамаяпти. Ҳалигача солиқдан қарздорлик тўғрисида хат келаяпти. Кимга додимни айтишни билмаяпман .

Ҳозирги кунда Дилором Турсунова раҳбарлигидаги нодавлат боғча ёпилгани рост, дейди ҳозир туман мактабгача таълим бўлими мудири вазифасини бажарувчи Мансур Раҳмонов. Аммо нодавлат боғча тураржойда жойлашганлиги сабабли кредит берилмади. Тадбиркор кредит олиши учун уйини нотураржойга ўзгартириши керак экан. Талаб бажарилмагач, кредит берилмади .

Чироқчи туман мактабгача таълим бўлими раҳбарининг маълум қилишича, туманда айни кунда 6 та нодавлат боғча фаолият юритмоқда. Бошқарма вакиллари эса туман вакиллари айтган кўрсаткичдан фарқли ўлароқ туманда 14 та нодавлат боғча фаолият юритаяпти дейишди.

Дилором Турсунованинг айтишича, боғча очилишида туман ҳокими Рустам Жўрақобилов ҳам иштирок этиб, тадбиркорни қўллаб-қувватлашини билдирган.

Туман ҳокимининг шахсан ўзи опа, биз сизни қўллаб-қувватлаймиз деганди, дейди Дилором Турсунова. Ҳар томонлама имконият яратиб беришини билдирганди. Бугунги кунда эса мени эшитишни ҳам истамаяпти. Туман ҳокимлигига борсам, ҳоким йўқ деб қайтариб юборишади. Ҳокимиятнинг ўзига 3 марта мурожаат қилганман. Аммо ҳалигача жавоб йўқ .

Аниқланишича, вилоятда ҳозир 272 та нодавлат боғча фаолият кўрсатмоқда.


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!