Пригожиннинг махфий операциялари маълум бўлди

Пригожиннинг махфий операциялари маълум бўлди

«Вагнер» хусусий ҳарбий компанияси асосчиси Евгений Пригожин ўзининг Африка бизнеси доирасидаги тўловларни амалга ошириш учун Американинг JPMorgan Chase ва Британиянинг HSBC банкларидан яширинча фойдалангани маълум бўлди. Бу ҳақда Вашингтондаги Илғор мудофаа тадқиқотлари маркази (C4ADS) қўлига тушган ҳужжатлар сизиб чиқишида айтилган. Ушбу маълумотга Financial Times газетаси эътибор қаратди.

Ҳисоботдан маълум бўлишича, 2017 йил август ойида «Вагнер» хусусий ҳарбий компаниясининг ниқоби бўлиб хизмат қилган ва Пригожин назоратида бўлган Суданнинг "Meroe Gold" кон қазиш компанияси Хитойнинг "Henan Liming" компаниясидан 688 минг АҚШ доллари қийматидаги ускуналарни сотиб олган. Оралиқ тўлов Нью-Ёркдаги "JPMorgan Chase" банки орқали амалга оширилган.

Ўша йилнинг центябр ойида "Meroe Gold" Хитойнинг "AGG Power Technology" компаниясидан қарийб 80 минг АҚШ доллари миқдорида генераторлар ва эҳтиёт қисмлар харид қилди. Мазкур тўлов дастлаб "JPMorgan Chase" банки орқали, сўнгра HSBC гуруҳига тегишли бўлган Гонконгнинг "Hang Seng Bank"и орқали амалга оширилган.

FT'нинг таъкидлашича, бу банклар тўловларнинг келиб чиқиши ҳақида билганлиги тўғрисида ҳеч қандай далил мавжуд эмас. HSBC Судандаги аниқ транзакциялар ҳақида журналистларга изоҳ беришдан бош тортди, бироқ банк «молиявий жиноятларга қарши курашишга ва жаҳон молия тизимининг яхлитлигини таъминлашга чуқур садоқат билдирганини» қўшимча қилди. JPMorgan вакиллари текширув ўтказганликларини, аммо тегишли транзакциялар ҳақида ҳеч қандай қайд топа олмаганликларини маълум қилишди.

Евгений Пригожин 2016 йилдан, Вагнер ХҲК эса 2017 йилдан бери АҚШ санкциялари остида бўлган. Meroe Gold 2018 йилда «Пригожинга тегишли ёки уни назорат қилади» ва унга «Суданнинг табиий ресурсларидан шахсий манфаатлар учун фойдаланишга» ёрдам беради, деган сўз билан АҚШ санкциялари остида қолган.

C4ADS ҳисоботида қайд этилишича, Пригожин ва «Вагнер» ХҲК тузилмалари ҳам ноқонуний схемалардан, ҳам жаҳон молия тизими ва логистика тармоқларига интеграциялашувдан фойдаланган ҳолда Африкада мустаҳкам ўрнашиб олишга муваффақ бўлган.


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!