Озарбайжон президенти Россияга учта шарт қўйди
Озарбайжон президенти Илҳом Алиев Россияни Озарбайжон ҳаво йўллари самолётининг Актауда қулаши учун жавобгарларни жазолашга чақирди.
Унинг сўзларига кўра, Россия Озарбайжонга ҳам, жароҳатланган йўловчилар ва экипаж аъзоларига ҳам товон тўлаши керак.
“Биринчидан, Россия томони Озарбайжондан кечирим сўраши керак. Иккинчидан, айбингизни тан олинг. Учинчидан, айбдорлар жазоланиши, жавобгарликка тортилиши, Озарбайжон давлатига, жабрланган йўловчилар ва экипаж аъзоларига товон пули тўланиши керак”, — деди президент АЗТВ телеканалига берган интервьюсида.
Унинг қайд этишича, кеча, 28 декабрь куни Россия томони шартларнинг биринчисини бажарган.
Самолёт ҳалокатининг якуний сабаби қора қутилар таҳлил қилингандан сўнг маълум бўлади, дея таъкидлади Алиев. Бироқ, унинг сўзларига кўра, дастлабки версиялар асосли ва самолёт "Россия ҳудудида ташқаридан зарар кўрган". Шу билан бирга, у самолёт беихтиёр уриб туширилганига аниқлик киритди.
“Бизни хафа қилган ва ҳайратга солган лаҳзалардан бири бу газ баллонининг портлаши ҳақидаги Россия расмий тузилмалари томонидан илгари сурилган версия бўлди. Бу масалани жим бўлишга уринишдек кўринди”, — дея қўшимча қилди у.