ОКМК: 2024 йил давомида 18 та лойиҳа амалга оширилади

ОКМК: 2024 йил давомида 18 та лойиҳа амалга оширилади

Миллий матбуот марказида Олмалиқ кон-металлургия комбинати масъуллари иштирокида матбуот анжумани ташкил этилди. Унда соҳага оид маълумотлар тақдим этилди.

Қайд этилишича, ўтган 2023 йилда Олмалиқ кон-металлургия комбинати томонидан 31,7 триллион сўмлик саноат маҳсулоти ишлаб чиқарилган. 1 128,2 миллион долларлик инвестиция лойиҳалари амалга оширилиб, 661,9 миллион долларлик маҳсулот экспорт қилинган. Маҳаллийлаштириш дастури бўйича 429 миллиард сўмлик маҳсулот тайёрланган. Маҳсулотларнинг таннархини тушириш бўйича 404,7 миллиард сўмлик натижа қайд этилган. 14,95 триллион сўм маблағ бюджетга тўлаб берилган, 6,7 триллион сўм соф фойда олинган. 163,5 миллиард сўмлик геология-қидирув ишлари бажарилган.

“Рақамли ОКМК – 2030” концепцияси Олмалиқ кон-металлургия комбинатининг барча ишлаб чиқариш ва бизнес жараёнларини рақамлаштириш, маълумотларни жамлаш, таҳлил қилиш ва тезкор қарор қабул қилишга қаратилган бўлиб, ушбу йўналишда 2023 йил мобайнида 34 та лойиҳа амалиётга тадбиқ этилган. Ўтган йил давомида бизнес ва технологик жараёнларни рақамлаштириш ҳамда уларни мақбуллаштириш эвазига 224 миллиард сўм иқтисод қилинган.

ОКМКда инвестициявий лойиҳалар ҳам муваффақиятли амалга ошириб келинмоқда. Хусусан, “Ёшлик-1” лойиҳасининг тоғ-кон мажмуаси бўйича 6 та объект, 3-мис бойитиш фабрикаси бўйича 6 та объектнинг қурилиши якунланган. Янги металлургия мажмуасининг қурилиши бўйича дастлабки лойиҳа ишлари бошланган.

Шунингдек, жорий йилда ҳам мазкур йўналишларда олиб борилаётган ишлар жадаллаштирилади. Жумладан, 32,2 триллион сўмлик саноат маҳсулотлари ишлаб чиқарилиб, 2 136,4 миллион долларлик инвестициявий лойиҳалар амалга оширилади. 1 016,6 миллиард сўмлик маҳаллийлаштирилган маҳсулотлар ишлаб чиқарилади. 15,73 триллион сўм маблағ бюджетга йўналтирилиши режалаштирилган.

Мис бойитиш фабрикасида амалга оширилган ишлар натижасида рудадан мис ажратиш даражаси 85 фоизга чиқарилиши таъминланди. Фабрикада технологик жараёнларда иштирок этувчи асосий қурилмалари диагностика тизими (авария ҳолатларининг эрта олдини олиш эвазига тўхташлар сонини камайтириш) ҳамда руда-сув жараёнини автоматлаштириш тизими синов тарзда ишга туширилди. Бу йилига 1,8 миллион куб сувни тежайди.

2024 йил давомида бизнес ва технологик жараёнларни рақамлаштиришни жадаллаштириш мақсадида 18 та лойиҳа амалга оширилиши режалаштирилган. Хусусан, “Қалмоққир” ва “Ёшлик-1” конларида ишларни бажаришда тезкор бошқарув тизимини жорий этиш якунига етказилади. Мис бойитиш фабрикасида асосий ускуналарни диагностика қилиш ва тегирмонларни руда ва сув билан автоматик таъминлаш “Руда-Сув” бошқариш тизимлари жорий этилади.

Ишлаб чиқаришни реал вақт режимида назорат қилиш ва тезкор бошқариш мақсадида MES тизими ишга туширилади. Бу эса ускуналарнинг фойдали иш самарадорлигини 5 фоизга ошириб, режадан ташқари тўхташ вақти 15 фоизгача қисқартирилади. Янги қурилаётган 3-мис бойитиш фабрикаси ва мис эритиш заводини кенгайтириш лойиҳалари доирасида технологик жараёнларни тўлиқ автоматлаштириш тизимларини жорий этиш истиқболлари белгиланган.


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!