Нуқта

Нуқта

Аллоҳ таоло бу оламни ҳикматларга тўла қилиб яратган. Тафаккур қилган одам истаган нарсасидан ибрат олиши мумкин. Ҳатто биз кўпинча беэътибор бўлган нуқтадан ҳам.

Нуқта... Ҳарф ҳам, рақам ҳам, сурат ҳам эмас у. Аммо шундай бўлсада унинг бир ўзи буюк жумлаларга якун ясай олади. Усиз гаплар тамом бўлмайди. Ҳеч бир китоб усиз ёзилмайди. Ифода этишга минглаб сўзлар ожиз бўлган фикрларимиз, ҳис-туйғуларимиз, ўй-хаёлларимиз атиги уч нуқтага жо бўлади...

Сонлар ўлчамлар ва миқдорлар олами бўлган, фанлар отаси математика улканларидан тортиб зарра қадар жисмларга ҳам ўлчов-қиймат бера олган. Аммо шу имкониятларга эга бўлсада, биз билган нуқтанинг қийматини ўлчай олмаган! Сонлардек миқдорга эга бўлмасада улкан сонларни бир ондаёқ бор “бисот”идан айира олган!

Рассомлар наинки кўз билан кўриб бўладиган, балки биз илғамас ажойиботларнинг, хаёлотларнингда суратини чиза олганлар, чизмоқдалар ҳам. Ҳозирда бундай “ижод”га техникалар ҳам даъвогарлик қилмоқдалар. Хўш, ўша санъат асарлари нималардан ташкил топган? Унинг ғиштчалари нималардан иборат? Ҳа, бу шубҳасиз биз арзимас деб ҳисоблаган нуқталар эмасми?

Дунёда тиллар кўп, уларнинг ёзувлари ҳам турфа. Буни қарангки, ҳеч қандай товуш англатмайдиган жимитдек бир нуқта деярли барча ёзувларда ўз ўрнига эга. Динимизнинг муқаддас китоби Қуръони Карим тилларнинг афзали бўлмиш араб тилида нозил қилинган. Араб ёзуви бошқа ёзувлардан ўзига хос шакллари билан ҳам ажралиб туради. Бу ҳарфларга ҳусн бериб турган яна ўша нуқталардир! Бу нуқталар Қуръони каримда сон жиҳатдан барча ҳарфлардан зиёдадир.

Хўш, нуқтанинг бунчалик қадрланишига сабаб не? Қандай хислати уни бундай мақомга сазовор қилмоқда? Бунга ягона сабаб шуки, нуқта бошқа ҳарфлар каби амал талашмади қоматини кўз-кўз қилмади, сонлар каби қийматга ҳам ўч бўлмади, товушлар сингари дунёга жар ҳам солмади, сукут сақлади, ўз ўрнини билди. Мана шу камтарлик, соддалик, тавозелик уни йўқ бўлиб кетишлигига йўл қўймади, бойликка ўч бўлганлар орасида ҳам ўз қадри сақланишига ёрдам берди. Биласизми, агар нуқта ўзидаги шунча ҳислатдан, ўзига берилган чексиз эътибордан кибр-ҳавога берилса, ўз шаклидан янада каттароқ кўринишга интилса нима бўлади? Сиз бундайларни кўп кўргансиз албатта. Нуқта ўзидан кетиб, манмансираса, бошқаларда кучли ва катта кўринишга эга бўлишни истаса ва бунга эришса энди у нуқта эмас... Энди у ҳамма ёмон кўрадиган, ундан қочадиган, кўрганда дарров қутулишни хоҳлайдиган, кўнгилни ҳижил қиладиган, гўзалликни барбод қиладиган хунук бир доғга айланади қолади! Қандайин ёмон ҳолат бу?!

Мақсадимиз шуки, ҳаёт аталмиш саҳифада нуқта бўлинг! Кичик аммо муҳим. Унутмангки, нуқта бўлишга интилинг-у кибрга асло яқин йўламанг. Йўқса, инсоният китобида ўчмас доғ бўлиб қоласиз...

Manba:azon.uz


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!