Нефть маҳсулотлари ишлаб чиқарувчи яширин цех фош этилди

Нефть маҳсулотлари ишлаб чиқарувчи яширин цех фош этилди

Юртимизда нефть ва нефть маҳсулотларига бўлган эҳтиёж тобора ошиб бораётган бир даврда, халқнинг ризқини кесиб, ўз нафсини қондириш мақсадида борини ҳам талон-тарож қилаётганларнинг бундай хатти-ҳаракати ҳеч қандай қуюшқонга сиғмайди. Фуқаролар Фурқат Файзиев, Халимжон Матхолиқов ва Қаюмжон Боқиевлар ҳам шундайлар тоифасидан бўлиб чиқди. Улар “Андижоннефть” АЖда линия назоратчиси Зоиржон Маматқуловни пул билан бошини айлантириб, 1 млн. сўм эвазига ундан қаттиқ сир тутиладиган “Андижон-Асака-ФНҚИЗ” нефть қувури линияси қаердан ўтганини билиб олишади.

"Халқ сўзи онлайн"нинг ёзишича, шундан сўнг, ҳуқуқбузарлар Қува тумани Баҳор МФЙ ҳудудидан оқиб ўтадиган қора олтинни ўғирлаш бўйича режа тузишга киришадилар. Шу мақсадда Тошлоқ тумани Яккавут МФЙ, Беруний кўчаси, 282-уйда яшовчи Нодирбек Мелибоев ва Бобирбек Неъматовлар билан жиноий тил бириктириб, уларнинг хонадонида нефть маҳсулотларини ишлаб чиқарадиган яширин цехни ташкил қилиш ишларини бошлаб юборадилар. Маълумотларга кўра, ўтган вақт мобайнида бу ерда қўлбола усулда металлдан тайёрланган ускунада 1,120 литр нефть хом ашёсини қайнатиш орқали 490 литр мазут ва 100 литр солярка тайёрланган.

Нефтни қайта ишлаш корхоналарида хавфсизликни таъминлашнинг ўз тартиб-қоидалари бор, чунки олов билан ўйнашиш яхшиликка олиб келамайди. Бироқ, яширин цехдаги аҳвол кўриб турганингиздек хавфсизлик қоидаларига умуман зид. Бу ерда истлаган маҳалда жиддий ҳалокат юз бериши ва бундан нафақат цехдаги ишчилар, балки қўшни хонадонда яшовчиларга ҳам катта талофат етиши мумкин эди.

Яхшиямки, орамизда зийрак ва бефарқ бўлмаган одамлар кўп. Полиэтилен қопларда ўғирланаётган нефтьни ташиш учун ижарага олинган транспорт воситасининг эгаси ушбу кимсаларнинг қинғир ишларидан хабар топгач, ҳуқуқ-тартибот идораларига мурожаат қилади.

Ҳолат юзасидан Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти Фарғона вилояти бошқармаси ҳамда ДХХ Фарғона вилоят бошқармаси ходимлари томонидан тезкор тадбир ўтказилиб, ушбу жиноий гуруҳнинг ноқонуний фаолияти фош этилди.

Ҳуқуқбузарлар далилий ашёлар билан қўлга олинди. Ҳозирда уларга нисбатан ЎзР ЖКнинг тегишли моддалари билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

 


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!