Марҳум йигит видолашув арафасида тирилди

Марҳум йигит видолашув арафасида тирилди

Бу воқеа, аниқроғи, мўъжиза Ҳиндистоннинг Теланган штатида рўй берди. Бу ҳақда ЎзА ёзмоқда.

Россиянинг “РИА Новости” ахборот агентлиги Деҳлидаги машҳур нашрлардан бири “Hindustan Times” тарқатган хабарга таяниб, ёзишича, июнь ойининг охирги кунида 18 ёшли Гэндэма Киран аҳволи танг ҳолда касалхонага ётқизилади. Унинг тана ҳарорати юқори бўлиб, қайт қилишлар тинка-мадорини қуритган.

Шифокорлар ташхисича, йигит гепатитнинг энг оғир формасига мубтало экан. Беморнинг аҳволи тобора ёмонлаша боргач, шифокорлар уни малакали хизмат кўрсатадиган хусусий клиникага даволатишни маслаҳат беради. Лекин тавсия қилинган шифохонага жойлаштирилган беморда яхши томонга ўзгариш кузатилмайди. У комага тушиб қолади.

Орадан тахминан бир ҳафтача ўтгач, клиника шифокорлари Кираннинг мияси ишлашдан тўхтаб қолгани, шу сабаб унинг тирик қолиш имконияти йўқлигини ота-онасига билдиради. Шифокорлар беморнинг ҳаётини вақтинча сақлаб турувчи аппаратни танадан ажратиб қўйишни таклиф қилади. Аммо юрак-бағри ёнган онаизор бунга кўнармиди?

– Ўғилгинам ўзи туғилган уйида сўнгги нафасини олишини истайман, – деди она.

Киранни уйга олиб кетишди. Унинг кўзларида ҳаёт учқунлари сўнган эди. Ноилож, энди ҳиндлар урф-одатларига кўра, жасадни кремация қилиш, яъни ўтда ёқишга тўғри келади. 

Бу маросимга тадорик кўрилаётганда, фарзанди ёнида бағри хун гирён ўтирган она жигарбандининг кўз четларида сизилиб оқаётган ёшларни пайқаб қолди. 

Қариндошлар зудлик билан тез ёрдам машинасини чақиришди. Етиб келган шифокор йигитнинг юраги ҳали уриб турганини қайд қилди. Унинг сўзларига кўра, оила, онаизорнинг илтижо нолалари Киран ҳаётини сақлаб қолган.

Йигитча шифохонага олиб кетилди.

– Орадан уч кун ўтгач, жигаргўшамиз ўзига келди ва паст овозда гапира бошлади, – дейди Кираннинг волидаси. – Уни касалхонадан жавоб беришди. Ҳозирда ўғлимни уйда шифокорлар маслаҳати бўйича даволаяпмиз.

Бундай ҳолат Хитойда кримация қилиш арафасида 8 ёшли бола билан ҳам юз берган эди.

Ҳа, бухоролик суюкли марҳум шоиримиз Садриддин Салим Бухорий битганидек, “Мўъжиза беҳисоб дунёда...”.


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!