Марғилонда киракаш “Дамас”чилар ёппасига маъмурий қамоққа олинди

Марғилонда киракаш “Дамас”чилар ёппасига маъмурий қамоққа олинди

Марғилон шаҳрида ЙПХ инспекторларининг қонуний талабига бўйсунмаган 19 нафар ҳуқуқбузар ҳайдовчи маъмурий қамоққа олинди. Бу ҳақда Фарғона вилояти ИИБ ахборот хизмати хабар қилди.

Хабарда ёзилишича, шаҳар марказидаги Б.Марғилоний кўчасидаги савдо мажмуаси рўпарасида Марғилон - Фарғона шаҳарлари ва Қиргули мавзеси йўналишларида киракашлик билан шуғулланувчи “Дамас” ҳайдовчилари ушбу кўчадаги пиёдалар ўтиш йўлакчаси олдига ҳамда йўлнинг қатнов қисмига бетартиб туриб олишган.

Ўз ҳаракатлари билан пиёдалар ва бошқа ҳайдовчиларнинг ҳаракатига халал беришган. Мазкур тартибсизликни бартараф қилиш мақсадида вилоят ИИБ ЙҲХБ ходимлари етиб келишади.

Аммо “Дамас” ҳайдовчилари ЙПХ ходимларининг қонуний талабларига бўйсунмасдан, фуқаролар осойишталигини бузувчи хатти-ҳаракатлар содир этишган.

Орган ходимларининг қонуний талабларига бўйсунмаган жами 19 нафар ҳуқуқбузар “Дамас” ҳайдовчиларига нисбатан Ўзбекистон МЖтКнинг 183, 194 ва 195-моддалари билан тегишли ҳужжатлар расмийлаштирилган.

Марғилон шаҳар Маъмурий ишлар бўйича судининг қарори билан 6 нафарига 15 сутка, 8 нафарига 10 сутка, 5 нафарига 5 суткалик маъмурий қамоқ жазоси қўлланилди.

 


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!