Крахмал импортига чек қўйилиб, маккажўхоридан ёғ олинади

Крахмал импортига чек қўйилиб, маккажўхоридан ёғ олинади
Тошкент шаҳри, Чилонзор туманида “Oloy Gulzor Servis” масъулияти чекланган жамияти негизида “Golden Corn” Тошкент крахмал-патока заводи ишга тушди.
 
Ўртача йиллик қуввати 9,6 миллион доллар миқдорида крахмал кукуни, патока, мальтоза ва мальтодекстирин ишлаб чиқарувчи бу завод Марказий Осиёда ягона завод бўлиб, маккажўхори донидан фойдаланади. Қайд этиш жоизки, ҳозирга қадар крахмал кукуни Россия ва Қозоғистондан импорт бўлиб келарди.
 
Мазкур заводнинг кунлик қуввати 80 тонна хомашёдан ўн хилдаги маҳсулот ишлаб чиқаришга мўлжалланган. Заводда асосий маҳсулотдан ташқари чорвачилик, товуқчилик ва балиқчилик учун омихта ем ва биоқўшимча маҳсулотлар, ёғ-мой комбинатлари учун иккиламчи хомашё тури – жерм ишлаб чиқарилади.
 
– Мисол учун, 50 тонна жўхори қайта ишланса, ундан35 тонна крахмал, 3,5 тонна ёғ, 2,5 тонна глютен, 5,5 тонна чорва учун озуқа ишлаб чиқарилади, – дейди завод директори Шамсиддин Шукуров.- Маҳсулотлар озиқ-овқат, енгил саноат, қандолатчилик, чорвачилик каби соҳаларида ишлатилади. Маккажўхори хомашёси камроқ бўлганда, гуручдан фойдаланамиз. Ҳозирча Тошкент вилоятида фаолият юритаётган фермерлардан жўхорилар харид қилинмоқда. Келгуси мавсумда юртимиздаги барча мулкдорларни бу борада ҳамкорликка жалб этамиз.
Заводда Хитой ва Эрон технологияси ўрнатилиб, хорижий мутахассислар ҳам ишга жалб этилган. Маҳсулотлар сифати жаҳон стандартларига тўла жавоб беради.
 
Айни вақтда 100 ортиқ иш ўрни яратилган заводда тайёрланаётган рақобатбардош маҳсулотлар келгусида ички бозорни бемалол тўлдиради. Бундан ташқари экспорт ҳам режалаштирилмоқда. Хусусан, Тожикистондаги ҳамкорлар билан шартномалар имзоланган.
 
Умумий қиймати 4,6 миллион доллар мазкур лойиҳани амалга оширишда “Қишлоқ қурилиш банк” икки миллион доллардан кўпроқ инвестиция кредити йўналтирди.
– Жорий йилнинг ўтган даврида банкимиз бир триллиондан кўпроқ инвестиция кредитлари ажратди,– дейди банк бўлим бошлиғи Даврон Ғойипов.– Барча маблағ маҳаллий ишлаб чиқарувчиларни кўллаб-қувватлашга қаратилган. Хусусан, жорий йилнинг охирига қадар йирик аҳамиятга эга400 яқин лойиҳани молиялаштириш мўлжалланган бўлиб, ҳозирда 300 ортиғи амалга оширилди. Мазкур завод ҳам ана шундай йирик лойиҳаларда бири бўлиб, импорт ўрнини қоплайдиган маҳсулотлар ишлаб чиқарилади. Крахмал – ширинликларни асосий хомашёси ҳисобланади. Энди бу маҳсулотларнинг таннархи аввалгисига нисбатан қарийб тўрт баробар арзонлашади. Рақобатбардошлилик эса ошади.
 
Тижорат банклари ва тадбиркорлик субъектлари ҳамкорлигидан амалга оширилаётган бу каби лойиҳалар аҳолининг реал даромадларини оширишга, рақобатбардош маҳсулотлар турини ортишига тўртки беради.
 
Заводнинг очилишида Тошкент шаҳар хокими Ж. Ортиқхўжаев иштирок этди.
Manba: uza. uz

Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!