Кобулдаги ўқув марказида содир этилган портлашда 24 киши ҳалок бўлди. Улар орасида талабалар ҳам бор

Кобулдаги ўқув марказида содир этилган портлашда 24 киши ҳалок бўлди. Улар орасида талабалар ҳам бор

24 октябрь шанба куни Афғонистон пойтахти Кобул шаҳрида жойлашган “Кавсари Дониш” номли ўқув марказида содир этилган худкуш портлаши 24 кишининг ўлими ва 57 кишининг жароҳат олишига сабаб бўлди. Қурбонлар орасида ўсмир ёшдаги ўқувчилар ҳам мавжуд.

Ички ишлар вазири матбуот котиби Ториқ Арианнинг хабар қилишича, хавфсизлик кучлари ўзини портлатган одамнинг шахсини аниқлашган. Соғлиқни сақлаш вазирлиги хабарида эса қурбонларнинг кўпчилик қисми 16 ёшдан 25 ёшгача бўлган талабалар эканини маълум қилинган.

“Марказимиздаги барча ўқувчилар билимга чанқоқ бўлиб, уларнинг кўпчилиги яхшироқ келажакни қуришга умид қилаётган камбағал оила фарзандлари эди” дейди “Кавсари Дониш” ўқув марказининг ўқитувчиларидан бири. У хавфсизлигини ўйлаб ўзининг исмини ошкор қилишни хоҳламаган.

Толибон мазкур ҳужумни ўзи уюштирганини рад этди. ИШИД телеграм орқали ушбу портлаш учун жавобгарликни ўз бўйнига олган. Лекин, ИШИД бунга далилларни кўрсатмаган.

Эслатиб ўтамиз, ўтган ойда Қатар пойтахти Доҳада Афғонистон ҳукумати ва Толибон ўртасида тинчлик музокаралари бошланганди. Томонлар ҳалигача мазкур музокараларни давом эттиришмоқда.


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!