Каттақўрғондаги газ портлаши: Аҳоли бундан масъулларни бир йилдан бери огоҳлантириб келаётган эди

Каттақўрғондаги газ портлаши: Аҳоли бундан масъулларни бир йилдан бери огоҳлантириб келаётган эди

8 октябрь куни, эрта тонгда бўлган ҳодиса – аҳоли хонадонида газ портлаши фуқароларнинг мурожаатларига юзаки қараш қанчалик хунук оқибатларига олиб келиши мумкинлигини яна бир бор эслатди. Чунки портлаш юзага келган хонадон жойлашган кўчада яшовчилар (айнан портлаш бўлган уй эгаси ва қўшниси ҳам!) бир йилдан бери мазкур эҳтимолий ҳолат ҳақида расмий идораларга мурожаат қилиб, ёрдам сўраб келаётган эди. Агар уларнинг мурожаатлари “очиб қаралганида” ва ёки жиддийроқ назоратга олинганида воқеанинг олди олинган бўларди.

Воқеани ўрганишга борган zarnews мухбирларига аҳоли шу ҳақда сўзлаб берди.

Гап шундаки, воқеа содир бўлган Каттақўрғон шаҳри, Тошкент кўчаси 145-уйдаги хонада газ қувурлари бўлмаган. Хонадон девори ортида эса автомобилларга ёқилғи қуйиш шохобчаларига тегишли 4 та йирик (6 кг.лик) ҳамда битта кичик, аҳоли учун (1 кг.лик) газ қувури ўтган. Аҳоли фикрича, ана шу йирик қувурлар носоз ҳолга келиб, ундан сизиб чиққан газ воқеага сабаб бўлган.

Каттақўрғондаги газ портлаши: Аҳоли бундан масъулларни бир йилдан бери огоҳлантириб келаётган эдиКаттақўрғондаги газ портлаши: Аҳоли бундан масъулларни бир йилдан бери огоҳлантириб келаётган эди

Хонадон соҳиби Қаҳрамон Султоновнинг айтишича, ўша куни хонадонга қўшни Қозоғистон Республикасидан меҳмон келиб, улар тонггача суҳбатлашиб ўтирган. Тонгги соат 4:15 лар атрофида портлаш юз берганида ҳам ҳамма уйғоқ бўлиб, дарҳол ташқарига отилган. Афсуски, шунга қарамай икки киши куйиш тан жароҳати олган. Жумладан, қозоғистонлик меҳмон жиддий куйиш тан жароҳати олиб шифохонага ётқизилган.

Каттақўрғондаги газ портлаши: Аҳоли бундан масъулларни бир йилдан бери огоҳлантириб келаётган эди

Портлашдан уй эгасининг акаси ҳам жароҳатланган.

Каттақўрғондаги газ портлаши: Аҳоли бундан масъулларни бир йилдан бери огоҳлантириб келаётган эди

Масаланинг аянчли томони шундаки, ҳудудда яшовчи аҳоли мазкур портлаш эҳтимоли ҳақида бир йилдан буён вилоят ва республика даражасидаги қатор идораларга мурожаат қилиб келаётганини айтмоқда. Хусусан, республика прокуратурасига йўлланган мурожаат хатида, жумладан, шундай дейилади:

“Каттақўрғон шаҳар Кўҳнадам маҳалласи, Тошкент кўчасида яшовчи аҳоли, жумладан бизнинг уй-жойимиз, фарзандларимиз ва ўзимиз бир неча йилдан буён портлаш хавфи остида қолмоқдамиз. Биз бу ҳақда бир неча бор Каттақўрғон шаҳар ҳокимлигига, прокуратурага мурожаат қилдик. Бизнинг хавфсизлигимиз учун юқори босимли газ тармоғини кўчамиздан олиб ташланмади.
Ҳудудда бир қатор автомобилларга газ қуйиш шохобчалари қурилгач, аҳоли хонадонлари орасидан ҳаётимиз учун хавфли бўлган юқори босимли газ тармоқлари ўтказилди.
Натижада 2015 йилда маҳалламиздаги юқори босимли газ қувурларидан Тошкент кўчасида жойлашган 147-уйнинг ертўласига сизиб кирган газ таъсирида кучли портлаш рўй берди. Шундан кейин ҳам қувурлар бошқа жойга кўчирилмади. Бу юқори босимли қувурлар кўчирилмаса кўплаб хонадонлар, одамлар, болалар жабр кўриши мумкин...
Тошкент кўчасидаги хавфсизлик ва техника қоидаларига амал қилмасдан ўтказилган қувурларни бошқа жойдан ўтказдиришда ёрдам беришингизни сўраймиз”.

Дарҳақиқат, аҳоли фикрига кўра, мазкур ҳудудда АЁҚШлар учун ўтказилган қувурлар таъсирида бўлган бундай воқеа биринчиси эмас. Шу сабабдан ҳам аҳоли нажот сўраб қатор идораларга мурожаат қилган.
Фуқароларга келган жавоб хатларида, жумладан ҳокимлик хатида эса мазкур объектларни ишлатиш жараёнидан хавфсизлик қоидаларига риоя этиш борасидаги ҳуқуқий ҳужжатлар ижросини таъминлаш мақсадида “Саноатгеоконтехназорат” мутахассислари томонидан экспертиза ўтказилгани айтилган.

Каттақўрғондаги газ портлаши: Аҳоли бундан масъулларни бир йилдан бери огоҳлантириб келаётган эди

Кўрдикки, мурожаатлар асосли, аҳоли қўрққан нарса охир-оқибат содир бўлди. Энди табиий савол туғилади, агар ростдан ҳам объектлар экспертизадан ўтказилиб, ижобий хулоса берилган бўлса, нега портлаш содир бўлиб аҳоли жабр кўрди?
Қувурлар “белгиланган талабларга мос” деб имзо қўйган ташкилот вакилларига, умуман шу вақтга қадар қилинган мурожаатларга юзаки қараганларга қандай энди қандай ҳуқуқий баҳо берилади? Аҳоли энди бу каби расмий жавоб хатларига қандай ишонади? Кўрилган зарарни ким қоплайди?

Каттақўрғондаги газ портлаши: Аҳоли бундан масъулларни бир йилдан бери огоҳлантириб келаётган эди

"Каттақўрғоншаҳаргаз" газ таъминоти бўлими мутасаддилари ҳам биз билан суҳбатда қуйидагиларни билдирди.

Шавкат Абдусаломов, "Каттақўрғоншахаргаз" газ таъминоти бўлими бошлиғи:
“Ҳолатни ўрганиш учун қувурларни очиб кўрдик. Бу ердан битта Каттақўрғон шаҳри аҳолисига борадиган газ кичик газ қувури ва тўртта Каттақўрғон туманидан газ оладиган, бир неча АЁҚШларга борадиган йирик газ қувурлари бор. Аҳоли учун борадиган кичик қувурларда носозлик йўқлигини кўрдик. Энди йирик қувурларни кўздан кечиряпмиз, кейин ҳолатни аниқлаймиз”.

Қувурлар тўлиқ қазилгач, АЁҚШларга тортилган йирик газ қувурларидан бири ёрилиб, газ шу орқали тарқагани аниқ бўлди. Буни аҳоли ва газтаъминот корхонаси вакиллари тасдиқлади.
Маълум бўлдики, айнан шу кунгача аҳоли хавотир олиб келган, қатор ташкилотларга мурожаатларида назарда тутган юқори босимли қувурнинг носоз ҳолга келгани сабабли портлаш юзага келган. Бундай ҳолат аҳолининг айтишича, олдин ҳам бир неча марта содир бўлган.

Хўш, “белгиланган талабларга мос” деганда мутасаддилар нимани назарда тутишмоқда? Ҳолатни бартараф этиш учун қандай қурбонлар керак? Хуллас, саволлар кўп, уларга аҳоли жавоб кутмоқда.

Шу ўринда бир мулоҳаза. Ёдингизда бўлса жорий йил 23 июлида бўлиб ўтган видеоселектор йиғилишида аҳоли мурожаатлари билан ишлаш давлат раҳбари томонидан қаттиқ танқид остига олинган эди. Кўпинча фуқаролар ҳам давлат бошқарув идораларига мурожаатлари жиддий ўрганилмаслиги, шунчаки жавоб хати келиши ҳақида гапиради. Каттақўрғондаги воқеа эса ўша селектордаги гап ҳам, мурожаатларга эътиборсизлик ҳақидаги фуқаро эътирози ҳам қанчалик ҳақ эканини кўрсатмоқда.
Тегишли ташкилотлар қандай сабоқ чиқариши ҳозирча бизга номаълум. Жабр кўрган аҳолига зарарни ким қоплаб бериши, умуман, воқеа қандай якун топиши юзасидан zarnews кузатишларини давом эттиради.


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!