«Жаслиқ» қамоқхонаси ҳамон фаолият юритмоқда. У ерда 100 га яқин маҳкум бор — ҳуқуқ ҳимоячиси

«Жаслиқ» қамоқхонаси ҳамон фаолият юритмоқда. У ерда 100 га яқин маҳкум бор — ҳуқуқ ҳимоячиси

Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари «Эзгулик» жамияти раиси Абдураҳмон Ташанов Kun.uz'га берган интервьюсида расман ёпилгани эълон қилинган Жаслиқ қамоқхонаси фаолият юритишда давом этаётганини маълум қилди.

Унинг айтишича, айни пайтда у ерда умрбод озодликдан маҳрум қилинган юзга яқин маҳкум сақланмоқда. Улар учун ҳозирда Навоий вилоятининг Қизилтепа туманида янги муассаса қурилмоқда.

Маълумот учун, 2019 йилда президент Шавкат Мирзиёев қарори билан Қорақалпоғистоннинг Қўнғирот тумани Жаслиқ қўрғонида жойлашган 19-сон ихтисослаштирилган жазони ижро этиш колонияси (Жаслиқ колонияси) тугатилиши эълон қилинган эди.

«Бу масала бир неча йиллар давомида муаммоларни яширишга ўрганиб қолганимиз билан боғлиқ. Муаммони кўмиб қўйганингиз билан у тупроқ тагида янада ниш отиб кетади. Шубҳасиз, президентимиз ташаббуси билан Жаслиқ ёпилиши жуда катта ҳодиса бўлганди. Лекин масаланинг иккинчи томонига эътибор бериш керак», — деди Абдураҳмон Ташанов.

У Жаслиқдаги маҳкумларнинг бошқа қамоқхонага кўчиришга шароит бўлмаганлигини ҳам таъкидлаб ўтган.

«Президент тез орада ёпамиз, деди, лекин мавжуд шароит бунга тайёр эмасди. Чунки Жаслиқда умрбод қамоқ жазосига ҳукм қилинган маҳкумлар бор эди. Уларни тўғри келган қамоқхонага кўчириб бўлмасди, чунки бундай маҳкумлар учун шароитлар сал бошқачароқ бўлиши керак. Бу борада дунё стандартлари бошқача. Умрбод озодликдан маҳрум қилинган маҳкумлар алоҳида зонада сақланиши керак», — деди у.

Шунингдек, унинг айтишича, президентга «ҳаммаси ҳал бўлди, муаммо бўлмайди» деб ҳисобот берилган бўлиши ҳам мумкин.

«Лекин у ерда сақланаётган маҳбусларнинг қариндошлари бор, улар доим учрашувларда бўлади. Бир неча маҳбусларнинг яқинлари бизга мурожаат қилди. Жаслиқ ҳали тўлиқ ёпилмаганини, у ерда юзга яқин умрбод қамоқ жазосига ҳукм қилинган маҳкумлар сақланаётгани ҳақидаги хабарни чиқаришга шошилганимиз йўқ, суриштирдик, сўрадик», — дея маълум қилди Абдураҳмон Ташанов.

Унинг жазони ижро этиш тизимидаги манбаларга асосланган ҳолда маълум қилишича, Навоий вилоятининг Қизилтепа туманида умрбод қамоқ жазосига ҳукм қилинган, ўта оғир жиноятларни содир этган шахсларни сақлаш бўйича дунё стандартларига мос келувчи замонавий қамоқхона қурилмоқда.

«Шу қамоқхона битса, ҳозир Жаслиқда олиб қолинган маҳкумлар у ерга кўчириларкан. Бу — нормал ҳолат. Лекин буни яшириб ўтириш ёки бундан қандайдир уят ҳис қилиш, „ўша пайтда ёпилди деб қўйгандик, тўлиқ ёпилмагани ошкор бўлса, ёлғончига чиқиб қоламиз“, деб ҳадиксираш нотўғри», — дейди у.


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!