Ишлаб чиқариш қувватларини ошириш бўйича таклифлар берилди

Ишлаб чиқариш қувватларини ошириш бўйича таклифлар берилди

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикери ўринбосари Зуҳра Ибрагимова бошчилигидаги ишчи гуруҳ Сирдарё вилояти Янгиер шаҳрида бўлиб, иқтисодий ўсишни таъминлаш, аҳолига коммунал хизмат кўрсатиш сифатини ошириш, янги иш ўринларини ташкил этиш ҳамда қишлоқ хўжалигида амалга оширилаётган ишлар ҳолатини атрофлича ўрганди.

Мазкур ўрганиш якунлари Халқ депутатлари Янгиер шаҳар кенгашининг навбатдаги сессиясида муҳокама қилинди.

Таъкидланганидек, Янгиер шаҳрида жорий йилнинг январ-март ойида саноат маҳсулотларини ишлаб чиқариш ҳажми ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 106,1 фоизни ташкил этган. Кўпгина йўналишлар, хусусан, қурилиш ишлари, чакана савдо айланмаси, хизматлар соҳасида ҳам яққол ўсиш кузатилган.

Шаҳарда асосий турдаги истеъмол маҳсулотлари нархларини барқарор сақлаш бўйича маҳаллий ишлаб чиқаришни кўпайтириш орқали инфляцияни жиловлаш ҳамда маҳсулотларнинг нархлари юзасидан доимий мониторинг олиб бориш ва нархлар кескин ўсишига йўл қўймаслик чоралари кўрилмоқда.

Сессияда барча соҳада амалга оширилаётган ишлар қайд этилиб, саноатда таннархни янада камайтириш, корхоналарда қўшилган қийматни ошириш, янги имкониятларни ишга солиш, жорий йил якунига қадар ҳудудий ялпи ички маҳсулотнинг ўсиш суръатини 10,7 фоизга оширишга эришиш бўйича таклиф ва тавсиялар берилди.

Шунингдек, ишлаб чиқариш ҳажмларини камайтирган корхоналарни тўлиқ қувватда ишлашини таъминлаш бўйича зарур чоралар кўриш, кичик саноат зонасида амалга оширилаётган лойиҳаларнинг қувватларини босқичма-босқич ошириш бўйича ҳам таклифлар илгари сурилди.

Сессияда кун тартибидаги масалалар юзасидан тегишли қарор қабул қилинди.


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!