Ҳиндистон Венера сайёрасини чуқурроқ тадқиқ этиш мақсадида ҳамкор қидирмоқда

Ҳиндистон Венера сайёрасини чуқурроқ тадқиқ этиш мақсадида ҳамкор қидирмоқда

Бангалорда жойлашган Ҳиндистон космик тадқиқотлар ташкилоти 2023 йилда Венера сайёрасини ўрганиш учун орбитал аппарат юборишини маълум қилди. Ҳозир ташкилот дунё бўйлаб малакали мутахассислардан ушбу лойиҳада олиб кетиладиган асбоб-ускуналар борасида ўз таклифларини юборишини сўрамоқда. Венера атмосферасига ҳаво шари тушириш режаси сайёрани ўрганувчи олимлар томонидан илиқ кутиб олинди. Чунки Ой ва Марс билан солиштирганда, сўнгги йигирма йил ичида Венера эътибордан анча четда қолганди. Бунга сабаб унга юборилган миссияларнинг ярмидан кўпи муваффақиятсизликка учрашида эди.

Ҳали ном берилмаган космик қурилма 2500 килограмм оғирликда бўлиши мумкин ва 100 килограммга яқин юк кўтара олади. Ҳиндистоннинг энг оғир ракетаси – "Geosynchronous Satellite Launch Vehicle Mark III" (3-серия геосинхрон йўлдошларни учириш қурилмаси) йўлдошида ишга туширилади. Орбитал аппарат дастлаб Венера атрофида катта эллиптик орбитага жойлаштирилиши режалаштирилмоқда.

Худди Ер каби Венера ҳам 4 млрд ёшда бўлиб, ҳар иккала сайёранинг вазни ҳамда ўлчами ўхшашдир. Аммо, бизнинг сайёрадан фарқли равишда, Венерада содир бўлган иссиқхона эффекти ҳодисаси унда зич, углерод диоксидига бой атмосферани юзага келтирган. Бу ҳолатни чуқурроқ таҳлил этиш тадқиқотчиларга Ердаги атмосферанинг ривожланиши ҳақида аниқроқ маълумот бериши мумкин.

“Сайёраларнинг қиёсий иқлимшунослиги жуда қизиқарли соҳа ҳисобланади. Бу илмий изланишларни Венера билан биргаликда давом эттириш айни муддао”, – дейди НАСАнинг Вашингтондаги сайёравий фанлар бўлими бошлиғи Лори Глазе.

Венера, олимлар тили билан айтганда, тадқиқотларни ёқтирмайдиган сайёра ҳисобланади: ундаги қалин булутлар орбитал аппаратдан туриб изланиш олиб боришни мураккаблаштирса, сайёранинг иссиқлиги, юқори босими ва сулфат кислотаси томчилари сабаб технологияларга осонгина шикаст етиш эҳтимоли юқори бўлади. Бугунги кунга қадар Венерага юборилган 40 та космик миссиядан 20 дан ошиғи муваффақиятсизликка учраб, фақат биргина космик қурилма сайёранинг юзасига қўнишни уддалаган.

"Шу сабаб Мэрилендда ўтказилган НАСАнинг Венера тадқиқотчилари гуруҳи учрашувида тўпланганлар Ҳиндистоннинг ҳамкорлик тўғрисидаги чақирувидан ҳаяжонга тушди", – деб эътироф этади Техасдаги Ой ва сайёралар институти вакили Патрик Макговерн. Венера тўғрисидаги маълумотлар ҳамда миссияларнинг камлиги туфайли бу сайёрани ўрганишга қизиқувчи талабалар ҳамда ёш тадқиқотчиларни илмий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш мураккаб эди. Натижада Венера тадқиқотчилари жамияти аъзолари сон жиҳатдан камчиликни ташкил этарди. Бу эса, ўз навбатида, янгидан-янги миссияларни бажаришга салбий таъсир ўтказаётганди.

“Ҳозир Ҳиндистон космик тадқиқотлар ташкилоти ҳинд олимлари таклиф қилган жиҳозлардан 12 тасини танлаб олди. Улар ичида махсус камералар, атмосферани ўрганувчи кимёвий таҳлил асбоблари бор. Сайёравий тадқиқотлар шубҳасиз халқаро ҳамкорликка асосланган бўлмоғи зарур. Биз бу лойиҳага қизиққан барча мутахассислардан таклифлар кутиб қоламиз”, – дейди ташкилот раҳбари Каиласавадивоо Сиван. Айтилишича, таклифлар топширишнинг сўнгги муддати – 20 декабрь.

Патрик Макговерн Венерадаги қалин булутларни кесиб ўтиб, унинг аниқроқ харитасини олишга ёрдам берувчи махсус радар юборишга умид қилмоқда. Колорадо университетининг яна бир олими Ларри Эспосито Венеранинг атмосферасини ўрганишга ёрдам берувчи асбоблар жўнатишга ўз ҳиссасини қўшмоқчи. Ларри, айниқса, Венеранинг булутлари, уларнинг содир бўлиши мумкин бўлган вулқон отилишига реакциясини тадқиқ этишга қизиқади.

Париждаги Космик тадқиқотлар миллий марказининг собиқ раҳбари, астрофизик Жак Бламон бир неча йил олдин Венеранинг иссиқ атмосферасида ҳам кимёвий тадқиқотлар олиб боришга яроқли бўлган металл ҳаво шарларини ишлаб чиқаришни таклиф қилган эди. Ҳинд космик тадқиқотлар ташкилоти унинг бу фикрини қабул қилди ва уни Ҳиндистонда ишлаб чиқарадиган бўлди. Ушбу металл шар 10 килограммдан ортиқ асбобларни олиб юради ва сайёра юзасидан 55 километр юқорида бўлади.


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!