Грузия Россияга қарши уруш очишни истамагани учун АҚШ томонидан "жазоланмоқда"
Грузиядаги ички сиёсий муаммолар Ғарб кўрсатмаси бўйича Россияга қарши иккинчи фронт очишдан бош тортганидан сўнг бошланган. Бу ҳақда Грузия бош вазири Ираклий Кобахидзе маълум қилди.
“Давлатимиз дуч келаётган қийинчиликларнинг асосий сабаби 2022 йилнинг февралида урушга кирмаганимиз ва “иккинчи фронт”ни очмаганимиздир”, — деди у.
Сиёсатчининг сўзларига кўра, АҚШ вакиллари ва уларнинг Грузия мухолифатидаги агентлари Грузиядан ҳарбий ҳаракатлар бошлашни талаб қилишган.
Грузияда 26 октябрь куни бўлиб ўтган парламент сайловларидан кейин оммавий норозилик намойишлари бошланди. Ҳукмрон “Грузия орзуси” партияси 53,93 фоиз овоз олиб, ғалаба қозонди. Тўрт мухолифат партия ҳам парламентга кирди, бироқ улар сайлов натижаларини тан олмаслигини билдирди ва тарафдорларини намойишларга чиқишга чақирди. Оврўпопараст мухолифатга ёрдам бераётган мамлакатнинг собиқ президенти Саломе Зурабишвили (гарчи Конституцияга кўра, президент партиясиз бўлиши керак) ҳам намойишларга чақирди.
Мухолифатнинг навбатдаги митинглари 28 ноябрь куни, бош вазир Ираклий Кобахидзе Грузиянинг Европа Иттифоқига аъзолиги бўйича музокаралар бошланишини 2028 йилгача тўхтатиш қарорини эълон қилганидан кейин бошланди. Намойишчилар парламент биносига тош, шиша, петарда отган, 1 декабрга ўтар кечаси эса у ерда ёнғин бошлаган. Полиция уларни сув пуркагичлари ва кўздан ёш оқизувчи газ ёрдамида тарқатиб юборган, бироқ кечқурун улар парламентга қайтишган. Ярим тундан кейин хавфсизлик кучлари мухолифат тарафдорларини парламентдан, эрталаб эса шаҳар марказининг тун бўйи босиб олган қисмидан узоқлаштирди. Айримлари ҳибсга олинган.
14 декабрь куни Грузия парламенти мамлакатнинг янги президентини сайлади. Бу ҳукмрон “Грузия орзуси” партиясидан номзод Михаил Кавелашвили бўлиб, у 300 овоздан 224 та овоз олди. Якшанба куни у расман ўз лавозимига киришди. Бир кун олдин мухолифат навбатдаги митингни уюштирди. Шаҳарга махсус кучлар гуруҳлари ва патруль полицияси ходимлари сафарбар этилган.
Илгари парламент сайловлари натижаларини тан олмаган Зурабишвили президентлик лавозимини тарк этмаслигини айтди, чунки "ноқонуний парламент билан" давлат раҳбарининг қонуний сайловлари бўлиши мумкин эмас.