Фарзандлари қўни-қўшниникида ўзи товуқхонада яшаётган ота қисмати...

Фарзандлари қўни-қўшниникида ўзи товуқхонада яшаётган ота қисмати...

Олма олмани кўриб ранг олади, деганда аждодларимиз (ҳар холда бу бугуннинг гапи эмасда) нимани, кимни назарда тутган, билмадик, лекин бу ғоят сермаъно эканига яна бир бор ишонч ҳосил қилди, Фарғона вилоят телевидениеси кўрсатувини томоша қилганлар.

Маълумки, Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ҳудудларни жадал ижтимоий-иқтисодий ривожланишининг таъминлашга доир устувор чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорига мувофиқ “Йўл харитаси” тузилиб, барча даражадаги раҳбарларнинг халқ билан мулоқотлари белгиланган. Бунинг учун тўртта сектор ташкил этилганини билсангиз керак. Афсуски, Фарғона шаҳри аҳолисининг аксарияти бундан ҳамон бехабар экан. 28 июнь куни Фарғона ТРКнинг “Кун мавзуси” кўрсатувида бу секторлар ишининг ҳақиқий аҳволи очиқ-ошкора намойиш этилди. Мухбир меъёрий ҳужжат юклаган вазифаларни санаб ўтгач, шундай дейди:

“Мухбир: Фарғона шаҳридаги 20 та маҳалла шаҳар ҳокими, 1-сектор раҳбари Шавкат Эркабоевга бириктирилган. Маҳаллаларни ўрганишдан аввал сектор штаби фаолияти билан танишдик, аҳоли мурожаатлари билан ишлаш жараёни, ҳужжатлар юритиш тартиби билан қизиқдик. Ҳали секторга бириктирилган ҳудудларни ўрганмай туриб штабдаги ҳолатдан ҳафсаламиз пир бўлди. Штабда ҳар куни эрталаб соат 8–00 да сектор раҳбари ва ишчи гуруҳи аъзолари иштирокида йиғилиш ўтказилиши белгиланган. Лекин...

Штабда ишчи гуруҳининг таркиби ва ўрганиш жадвали тасдиқланмаган, номенклатура ҳам тартибсиз жойлаштирилган. Далолатномаларда мурожаатларнинг ижроси таъминланганлиги келтирилмаган. Уйма-уй юриб ўрганилганини тасдиқловчи бирламчи ҳужжатларнинг барчаси умумий ва олди-қочди гапларга асосланган. Фуқароларнинг мурожаати натижалари тўғрисида ҳеч қандай ҳужжатларни учратмадик. 14 июнь куни 22 та хонадон ўрганилган, дедилар. Лекин штабда 2 соатга яқин турган бўлсак-да, ўрганишлар бўйича кунлик маълумотларни тақдим эта олишолмади”.

Шундан сўнг секторга ўз муаммоси билан келган Фарида Эминова, Фотима Рўзиева, Хафиза Мадумаровалар куйиб-ёниб сектор раҳбари, ҳокимга учрай олмаётганларидан нолидилар ва ....

Мухбир: Дардингни тинглайдиган одам бўлмаганидан сўнг, ҳеч йўқ сизлар эшитинглар дея, бизга мурожаат қилган фуқароларни қийнаётган масалани ўрганиш учун йўлга чиқдик. “Қашқар қишлоқ” кўчасида жойлашган 103-уйда бўлдик. Уйга кириб тўғриси, ҳайратдан ёқа ушлайсан. Уй эгасининг таъкидлашича, ушбу хонадон 7-8 ойларча аввал ёниб кетган экан. Ҳовлидаги буюмлар алғов-далғов бўлиб ётибди. Шароитни кўриб, “Ҳозир қаерда яшаяпсизлар?” деб сўрадик.

Тасвирда Василжон Якубов: Фарзандларим қўни-қўшниникида, ўзим... товуқхонада яшаяпман”.

Шундан сўнг камера шаҳар ҳокими Шавкат Эркабоев масъул сектор ҳудудидаги Абдулла Қодирий номли маҳаллада жойлашган кўпқаватли уйларни бир-бир кўрсатди. Захлаб, ёрилиб кетган сув ҳамда оқава қувурлари, чивин ва бургага ем бўлаётган болалар, очиқ-сочиқ электр шитлари, томидан чакка ўтиб сув босган хонадонлар, болалар ўйин майдончаси “бериб юборилган” ёки умуман йўқ уйлар, ҳар ерда очиқ-сочиқ чиқиндилар, одамларнинг хорғин юзлари, ҳокимиятга қатнайвериб умидини узган кўзлардан шашқатор оқиб тушаётган изтироб ёшлари...

Яна мухбир гапиради:

“Мухбир: Бизнингча, агар масъул раҳбарлар уйма-уй юриб, муаммоларни бартараф этганларида, аҳвол бу қадар хунук тус олмаган бўларди. Шу биргина уйда яшовчиларнинг юракларидаги дарду-аламларини эшитса, очиғи тоғлар ҳам дош бера олмайди. Бироқ мутасаддиларнинг бефарқлиги бизни таажжубга солди”.

Хуллас, телекамера бошқа секторлардаги аҳволни ҳам бир-бир намойиш этди. Хўроз ҳамма ерда бирдек қичқирганидек, манзаралар ўша-ўша.

Ҳа, Фарғона ТРК мухбирининг Хисоб Палатаси билан биргаликдаги ўрганишида далилларга асосланган хулосалар чиқарилган: Шаҳар ҳокими Шавкатжон Эркабоев масъул сектордаги аҳвол шу бўлса...

ЎзА


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!