Фарғонада эри Россияга кетган аёл хиёнат қилди. Эр қайтгач эса фожиа юз берди

Фарғонада эри Россияга кетган аёл хиёнат қилди. Эр қайтгач эса фожиа юз берди

Қўқон шаҳрида яшовчи Исмоил Ғозиев (исм-шарифлар ўз­гартирилган) бундан 28 йил муқаддам Малоҳат Ғозиева билан турмуш қурганида 23 ёшда эди. Орадан йиллар ўтиб, улар 3 нафар фарзанднинг ота-онаси бўлишди.

Шунинг учун ёш эр-хотиннинг ҳаёти ўзгалар ҳа­вас қилгудек кечган бўлса, ажаб эмас.

Аммо чорак асрдан сўнг уш­бу оиладан файз-барака кў­та­рилди, осудалик ва ҳамжиҳатлик ўрнини дилхиралик, ишонч­сизлик эгаллади. «Кўз­дан йироқ — кўнгилдан йи­роқ», деганларидек, Исмоил ва Малоҳат ўртасидаги муҳаббатга хиёнат раҳна солди.

Гап шундаки, И. Ғозиев ҳеч қаерда ишламагани ва бирор-бир тайинли касбнинг эгаси бўл­магани боис сўнг­ги йил­лар­да оила муаммолари гирдобига тушиб қолди. Албатта, ҳаётда ҳар ким ўз аравасини ўзи тортиши керак.

Оиладаги­ муаммони четдан биров ке­либ, ҳал қилиб бермайди. Шу сабабли бундан уч-тўрт йил ав­вал И. Ғозиев таниш-билишларидан суриштириб, хориждан ўзига иш топди. Натижада ўша пайтдан буён узоқ юртда ишлай бошлади. Бу ёқда М. Ғозиева фарзандлари билан ёл­ғиз қолди. Ҳаёти ана шундай тарз­да кечаётган кунларнинг бирида — 2020 йил ёз ойларида Малоҳат ёшликдаги таниши Их­тиёрни учратиб қолди. Шундан сўнг улар тез-тез телефон ор­қа­ли гаплашиб туришди. Шунда шайтон йўл­дан урдими ёки иккаласи ҳам ўз ҳиссиётларини жиловлай олишмадими, ҳар ҳолда вақт ўтиши билан телефондаги «сирли» сўз­лашувлар пин­ҳ­она учрашувларга айланди. Яъни аёл эрига хиёнат қил­ди. У келинли экани, қизининг бўйи етиб қолгани, бу қилмиши билан оиласи шаънига ўч­мас доғ туширишини ўй­лаб ўтирмади. Ёз ўтиб, куз келгач, эри бундан хабар топди…

Хуллас, ўтган йилнинг 10 ноябрь куни эр-хотин ўртасида жанжал келиб чиқди.

— Ким билан учрашиб, нима ишлар қилиб юрганингни билмайди, дейсанми?, — дея ўш­қирди Исмоил Малоҳатга.

Эрининг «сири»дан воқиф бўлганини эшитиб, Малоҳат аввалига бироз довдиради. Лекин қисқа фурсатдан сўнг ўзини қўлга олди.

— Тўғри, сизга хиёнат қилдим, Ихтиёр билан учрашиб юрганим рост, — деди айбини тан олиб.

Хотиниининг хиёнатини уялмай тан олгани И. Ғозиевнинг баттар ғазабини қўзғатди. Бир зумда бақир-чақир, жанжал-тўполон бошланди. Оқибатда эр хотинини уйидан ҳайдаб чи­қарди.

Шундан сўнг ора­дан тўрт кун ўтгач, уйга совчилар келиши маълум бўлди.

Шунда оиланинг тўн­ғичи Алишер отасига илтимос қилди.

— Дада, совчиларни кутиб олиш учун онамни олиб келайлик…

Чиндан ҳам, совчиларни кутиш-кузатиш эркакларнинг иши эмас. Қолаверса, келадиган аёллар қизнинг онасини сўраши, суҳбатлашиши аниқ. Борди-ю, улар бўлиб ўтган воқеадан хабар топгудек бўлса, ҳаммаёққа гап-сўз, миш-миш тарқалади. Пировардида ўзи ҳам, қизи ҳам, яъни бутун оила кўпчилик олдида шарманда бў­лади. Бинобарин, Исмоил масаланинг ана шу нозик жиҳатларини ўйлаб, ўғлига розилик берди.

— Майли. Фақат совчиларни кутиб олиш учунгина келаётганини яхшилаб тушунтиргин онангга, — деди у.

— Хўп, албатта, тушунтираман.

Алишер шундай деб ўша ку­ни бобосининг уйидан онасини олиб келди.

Бироздан сўнг уларнинг ортидан тоғаси Неъ­мат Мамарозиқов ҳам кириб келди.

— Илоҳим, жиянимнинг бахтини берсин, куёв, — дея саломлашди Неъматжон И. Ғозиев билан.

— Раҳмат, айтганингиз келсин.

Совчилар келиб-кетгач, қайноға-куёв Мафтунанинг бахти учун қадаҳ кўтаришди. Кўпдан-кўп эзгу тилакларни билди­риш­ди. Шу тариқа улар ширакайф бўлиб қолишди. Шунинг учун Исмоил ўғли, келини ва қолган икки фарзандини ўз хоналарига киритиб юборди. Сўнгра яна ўзига тинчлик бермаётган гапни қўзғаб, қайноғасига хотинининг хиёнатидан шикоят қил­ди.

Бунинг оқибатида эр-хотин яна жанжаллашиб қолишди. Шунда И. Ғозиев хиёнаткор хотинини ура бошлади. Неъмат кўз ўнгида синглисининг калтак ейишига чидаб туролмади. Яъни у куёвини кўракда турмайдиган сўзлар билан сўкиб, ҳақорат қилди. Бу ҳақорат Исмоилнинг баттар ғазабини қўзғатди ва қайноғасининг бошига ароқ шишаси билан урди. Шунда Ма­лоҳат эри билан акасини аж­­ратишга уринди. Бироқ И. Ғозиев шу пайт қўлидаги ошхона пичоғини Н. Мамарозиқовнинг бўйни ва кўкрагига санчди. У ерга ҳолсиз йиқилгач, хотинининг ҳам орқа кўк­рак қисмига пичоқ урди. Воқеадан воқиф бўлган Алишер дарҳол «Тез ёрдам»га қўн­ғироқ қилди. Шошилинч тез тиббий ёрдам бўлими ходимларининг саъй-ҳаракати билан Малоҳатнинг ҳаёти сақлаб қо­линди. Аммо Неъмат Мамарозиқов ҳаётдан бевақт кўз юм­ди.

Шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, Исмоил Ғозиев бош­қа жиноятчилар сингари бирор жойга қочиб, яширинмади. Аксинча, у Фарғона ви­лоя­ти ич­ки ишлар бошқармасига қўн­ғироқ қилиб, шу орқали ўзини Қўқон шаҳар ички ишлар ор­ган­лари фаолиятини мувофиқлаштириш бошқармаси ходимларининг қўлига топширди.

Шундан сўнг унга нисбатан жиноят иши қўзғатилди. Мазкур жиноят ишини кўриб чиққан жи­ноят­ ишлари бўйича Қўқон шаҳар суди И. Ғозиевни Жиноят кодексининг 97-моддаси 2-қисми «ж» банди ва 104-моддаси 2-қисми «л» бандига асосан айбдор деб топиб, 18 йил муддатга озодликдан маҳрум этди. Лекин И. Ғозиев ҳи­моя­чиси билан бирга Фар­ғона вилояти судига апелляция ши­кояти берди. Яъни биринчи бос­қич суди томонидан ҳаракатлари Жиноят кодексининг 97-моддаси 2-қисми «ж» банди билан нотўғри квалификация қи­линга­нини қайд этиб, қилмишини шу модданинг 1-қисмига қайта квалификация қилишни ҳамда енгилроқ жазо тайинлашни сўради.

Олий суд Пленумининг 2004 йил 24 сентябрдаги «Қасд­дан одам ўлдиришга оид ишлар бўйича суд амалиёти тўғрисида»ги қарори 12-бандида қасддан одам ўлдириш жиноятини Жиноят кодексининг 97-моддаси иккинчи қис­ми «ж» банди билан квалификация қилишда айбдорнинг қасди ўта шафқатсизлик билан одам ўлдиришга қаратилганини аниқлаш шартлиги, бунда ўта шафқатсизлик тушунчаси одам ўлдириш усули билангина эмас, балки айбдор томонидан ўта шафқатсизлик намоён этилганидан далолат берувчи бошқа ҳолатлар билан ҳам боғланиши, жабрланувчининг яқин кишилари кўз ўнгида одам ўлдириш, агар айбдор ўз ҳаракатлари билан уларга кучли изтироб бераётганини англаган бўлса, айб­дор томонидан ўта шафқатсизлик намоён этилганидан далолат берувчи ҳолат сифатида баҳоланиши лозимлиги ҳа­қи­­­да­ тушунтириш берилган. Ис­моил Ғозиев ҳам қайнакасини маст ҳолатда, қолаверса, яқин қариндоши — синглисининг кўз ўнгида ўта шафқатсизлик билан қасддан ўлдирган. Шунинг учун ҳам биринчи инстанция суди судланувчининг ҳаракатларини Жиноят кодексининг юқорида қайд этилган моддалари билан тўғ­ри квалификация қи­либ,­ унга жазо тайинлашда Олий суд Пленумининг 2006 йил 3 февралдаги «Судлар томонидан жиноят учун жазо та­йинлаш амалиёти тўғ­риси­да»ги қарори талабларига риоя этган ҳолда асосли хулосага келган. Бинобарин, апелляция инс­танцияси суд ҳукмини ўзгаришсиз, апелляция ши­коя­тини қаноатлантирмасдан қолдирди.

Албатта, баён этилган фожиа ҳеч кимни бефарқ қолдирмаслиги шубҳасиз.

Бу фожианинг келиб чиқишига хиёнат сабаб бўлган. Бу иллатнинг касофати туфайли бир оила барбод бўлди, бир бегуноҳ инсон ҳаётдан бевақт кўз юмди…

Демак, бундан келиб чиқадиган хулоса шуки, оила — муқаддас даргоҳ, унга нисбатан ҳар қандай хиёнат ҳеч қачон изсиз кетмайди. Бу — ис­бот талаб қилмайдиган ҳаёт ҳа­қиқати.

Фарруҳ АБДУРАИМОВ,

Фарғона вилояти судининг судьяси,

Хуршид СУЛТОНОВ,

журналист


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!