Давлат тадбиркорлар учун қулай муҳит яратади — Конституциянинг 53-моддаси қай тарзда ўзгармоқда?

Давлат тадбиркорлар учун қулай муҳит яратади — Конституциянинг 53-моддаси қай тарзда ўзгармоқда?

Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 53-моддасида тадбиркорлар ҳуқуқлари янада мустаҳкамланиб қўйилмоқда.

Давлат тадбиркорликни ривожлантириш учун қулай ишбилармонлик ва инвестициявий муҳитни, шарт-шароитларни таъминлайди.

Тадбиркорлар қонунчиликда тақиқланмаган ҳар қандай фаолиятни амалга оширишга, ўз фаолитятининг йўналишини мустақил равишда танлашга, тадбиркорликдан чекланмаган миқдорда даромад олишга ҳақли. (53-модда)

1. Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.Мирзиёевнинг жорий йил 20 июнь куни Конституциявий комиссия аъзолари билан ўтказилган учрашувдаги маърузасида “Тадбиркорлар қонунчиликда тақиқланмаган ҳар қандай фаолиятни амалга оширишга, ўз фаолияти йўналишларини мустақил равишда танлашга, тадбиркорликдан чекланмаган миқдорда даромад олишга ҳақли эканини Конституцияда мустаҳкамлашни таклиф этаман.

Давлат хусусий тадбиркорликни ривожлантириш учун қулай ишбилармонлик ва инвестициявий муҳит ҳамда шароитларни таъминлаши, эркин ва ҳалол рақобатнинг ҳимоя қилиниши, иқтисодий фаолиятда монополлаштиришга йўл қўйилмаслигини кафолатлаши лозим” деб таъкидлаб, мазкур йўналишдаги конституциявий ислоҳотларни асосий йўналишлари белгилаб берилди.

2. 2022-2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг Тараққиёт стратегиясининг 21-мақсадида ялпи ички маҳсулотни 1,6 баравар ва 2030 йилга бориб аҳоли жон бошига тўғри келадиган даромадни 4 минг АҚШ долларидан ошириш ҳамда “даромади ўртачадан юқори бўлган давлатлар” қаторига кириш бўйича белгиланган вазифаларни фақат барқарор иқтисодий ўсиш суръатларини таъминлаш ва тадбиркорлик муҳитини яхшилаш орқали эришилади.

Шу нуқтаи назардан, конституцияда киритилаётган мазкур қўшимчалар эркин бозор иқтисодиётини тавсифловчи энг муҳим принципларни ўзида ифода этиб, давлатни тадбиркорлик фаолиятини самарали ташкил этишга доир асосий вазифаларини белгилайди ҳамда “қонунда тақиқланмаган ҳар қандай фаолиятга рухсат берилади” принципи асосида тадбиркорлик фаолиятини давлат томонидан тартибга солишни асосий мезонларини конституциявий даражада мустаҳкамлайди.

Тадбиркорлик соҳаси изчил ривожланаётгани қайд этилмоқда, сўнгги уч йилнинг ўзидаёқ амалдаги тадбиркорлик субъектлари сони 25 фоизга ошди. Ўзбекистонда тадбиркорлар экспорт имкониятларини ошириш мақсадида амалий чора-тадбирлар кўрилмоқда. Жумладан, 2021 йил 10 апрелида Ўзбекистон учун Европа Иттифоқининг (ЕИ) барқарор ривожланиш ва самарали бошқарув бўйича махсус имтиёзлар тизими («GSP+») кучга кирди, экспорт қилинадиган барча товарлар ва хизматлар учун божхона тўловлари бекор қилинди, лицензиялаш ва экспорт тизими соддалаштирилди, товарларнинг 60 фоиздан ортиқ турлари учун божхона тўловларининг «ноль» даражаси белгиланди.

3. Конституцияга киритилаётган мазкур нормалар Ўзбекистонда қулай ишбилармонлик ва инвестицион муҳитнинг шаклланишида, хусусий секторнинг улушини оширишга, янги иш ўринларининг яратилишига, аҳоли даромадларининг ошиши ва камбағалликни қисқартиришга хизмат қилади.

4. Кутилаётган умумий натижалар аҳолининг фаровонлигини ошишига, тадбиркорлар қатламининг жамиятдаги ўрни ва нуфузини ошишига, ўрта даромадлилар қатламини шаклланиши ва уларнинг кучли фуқаролик жамиятини шакллантириш орқали ривожланган давлатлар қаторига кириш имкониятини тақдим этади, шунингдек “Иқтисодий эркинлик” халқаро индексидаги ўрнини яхшилашга хизмат қилади.

5. Мазкур нормага ўхшаш нормалар амалдаги қонунчиликда ҳам назарда тутилган. Жумладан, Ўзбекистон Республикасининг “Тадбиркорлик фаолияти эркинлигининг кафолатлари тўғрисида”ги қонунинг 8-моддасида “Тадбиркорлик фаолияти субъектлари қонунчиликда тақиқланмаган ҳар қандай фаолиятни амалга оширишга ҳақли”, 18-моддасида “Давлат иқтисодий фаолият, тадбиркорлик эркинлигини, барча мулк шаклларининг тенг ҳуқуқлилиги ва ҳуқуқий жиҳатдан баб-баравар муҳофаза этилишини кафолатлайди”, 19-моддасида “Тадбиркорлик субъектлари қонунчиликда ман этилмаган ҳар қандай фаолиятни амалга оширишга ҳақли” деб белгиланган.

6. Мазкур нормага ўхшаш нормалар Швейцария, Польша, Хорватия, Болгария, Эстония каби давлатларнинг конституцияларида мустаҳкамланган.


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!