"Давлат божи бор, уни тўлашга шароитим йўқ"

"Давлат божи бор, уни тўлашга шароитим йўқ"

— 2010 йилда уйимни кадастр қилганман. 2018 йилда бошқа бир одам шу уйни кадастр қилиб олган. Ҳамма жойга мурожаат қилганман. Судга берай десам, давлат божи бор, уни тўлашга шароитим йўқ.

Исми сир тутилди

— Норматив-ҳуқуқий ҳужжатларда белгиланган талабга кўра, бино ва иншоотларга мулк ҳуқуқининг вужудга келишини ва бошқа шахсга ўтишини тасдиқловчи ҳужжатлар қуйидагилардан иборат:

  • қурилиши (реконструкцияси) тугалланган бинолар ва иншоотларни фойдаланишга қабул қилиш далолатномаси;
  • нотариал тартибда тасдиқланган бино, иншоотнинг олди-сотди шартномаси;
  • бино ва иншоот бўйича топшириш-қабул қилиш далолатномаси билан бирга олди-сотди шартномаси;
  • корхонанинг топшириш-қабул қилиш далолатномаси билан бирга нотариал тартибда тасдиқланган олди-сотди шартномаси;
  • лизинг шартномаси;
  • бино, иншоот, турар жойни ҳадя этиш тўғрисидаги нотариал тартибда тасдиқланган шартнома;
  • бино, иншоот, турар жойни айирбошлаш тўғрисидаги нотариал тартибда тасдиқланган шартнома;
  • турар жойни бошқа шахсга рента тўлови шарти билан ўтказилиши назарда тутиладиган нотариал тартибда тасдиқланган рента шартномаси;
  • хусусийлаштирилган давлат биноси, иншооти, турар жойини мулк ҳуқуқини берувчи давлат ордери;
  • нотариал тартибда тасдиқланган мерос қилиб олиш ҳуқуқи ва эр-хотинларнинг умумий мулки бўлган бино, иншоотнинг тегишли қисмига бўлган мулк ҳуқуқи тўғрисидаги гувоҳнома;
  • кўчмас мулк объектини юридик шахсларнинг устав жамғармасига улуш сифатида бериш (турар жой объекти бўлса, нотариал тасдиқланган) шартномаси;
  • кўчмас мулк объектини муассисга унинг улушини қайтариб бериш (турар жой объекти бўлса, нотариал тасдиқланган) сифатида шартномаси;
  • суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этишда кўчмас мулк объектини реализация қилиш бўйича аукцион натижалари ҳақида баённома;
  • туман (шаҳар) қурилиш бўлимларининг тураржойни нотураржой тоифасига ўтказишга рухсати;
  • туман (шаҳар) қурилиш бўлимининг нотурар жой биносини тураржой тоифасига ўтказишга рухсати;
  • суд қарори ёки давлат ижрочисининг қарори ёхуд давлат ижрочиси томонидан тасдиқланган ундирувчи ва қарздор ўртасида тузилган бино ва иншоотни бериш далолатномаси.

Шунингдек, Конституцияга мувофиқ ҳар бир шахсга ўз ҳуқуқларини, эркинликларини ва қонуний манфаатларини суд орқали ҳимоя қилиш кафолатланади.

Ҳар қандай манфаатдор шахс бузилган ёки низолашилаётган ҳуқуқи ёхуд қонун билан қўриқланадиган манфаатини ҳимоя қилиш учун фуқаролик суд ишларини юритиш тўғрисидаги қонунчиликда белгиланган тартибда фуқаролик ишлари бўйича судга (судга) мурожаат қилишга ҳақли.

Судга мурожаат қилишда даъво ариза процессуал қонун нормалари талабларига жавоб бериши лозим, яъни Фуқаролик процессуал кодексининг 189-191-моддаларида белгиланган тартибга риоя қилиш лозим бўлади.

Мазкур Кодекснинг 35-моддасига асосан иморатга бўлган ҳуқуқ тўғрисидаги, мол-мулкни хатлашдан чиқариш ҳақидаги, ер майдонидан фойдаланиш тартибини белгилаш тўғрисидаги даъволар иморат, мол-мулк ёки ер майдони жойлашган ердаги суднинг судловига тааллуқлидир.

Шу билан бирга, процессуал қонунчиликда судга мурожаат қилишда давлат божини тўлашни кечиктириш, бўлиб-бўлиб тўлаш ва уларнинг миқдорларини камайтириш йўл қўйилиши мумкинлиги белгиланган. Суд ушбу масалани ҳал қилишда ишда иштирок этувчи шахслар тўлашга қурби етмаслиги ҳолатларини тасдиқловчи ҳолатлар мавжудлиги ҳақидаги далилларни текшириши лозим:

МАСАЛАН: иш ҳақи (даромади), банкда маблағлари мавжудлиги, унинг эгалигида бўлган мулклар ҳақидаги маълумот, вояга етмаган фарзандлари, бошқа боқимандалари борлиги ва ҳ.к. тўғрисидаги маълумотлар.

Юқоридагилардан келиб чиқиб, сизга кўчмас мулк жойлашган ҳудуддаги фуқаролик ишлари бўйича судга тегишли талабларни кўрсатган ҳолда даъво аризаси ҳамда тўлов қобилиятингиз мавжуд бўлмаса ушбу ҳолатни тасдиқловчи ҳужжатлар билан давлат божи тўлашни кечиктириш, бўлиб-бўлиб тўлаш ва уларнинг миқдорларини камайтириш ҳақидаги ариза билан мурожаат қилишингиз мумкин.

Анвар ЁРИЕВ,

Тошкент шаҳар судининг фуқаролик ишлари бўйича судьяси


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!