Бўстонлиқда турар жойни ижарага берганлик учун алоҳида солиқ тартиби жорий этилади

Бўстонлиқда турар жойни ижарага берганлик учун алоҳида солиқ тартиби жорий этилади


“Тошкент вилоятининг Бўстонлиқ туманида тажриба тариқасида солиқ солиш объектларини ҳисобга олиш ва солиқ маъмуриятчилигининг алоҳида тартибини жорий этиш тўғрисида” Ҳукумат қарори қабул қилинди.

Қарорга мувофиқ, 2020 йил 1 майдан бошлаб, 2021 йил 1 майгача Бўстонлиқ туманида тажриба тариқасида солиқ солиш объектларини ҳисобга олиш ва солиқ маъмуриятчилигининг алоҳида тартиби жорий этилади.

Тажриба даврида жисмоний шахслар томонидан дам олиш уйлари, дала ҳовли, якка тартибдаги уй-жойлар ва яшаш учун мўлжалланган бошқа турар жойлар, шунингдек, айрим мол-мулк турлари солиқ органларининг таянч пунктлари томонидан солиқ солиш объектларининг ҳисобга қўйилгани тўғрисидаги бепул бериладиган гувоҳнома асосида ижарага берилади.

Кўчмас мулк объектларининг ижарага берилиши билан бир вақтда Давлат солиқ қўмитасининг ягона электрон платформасига (мобил илова ёки веб-сайт орқали) бу ҳақдаги маълумотлар киритилиши лозим. 

Кўчмас мулк объекти ва айрим мол-мулк турлари солиқ органларида ҳисобга олинган махсус чеклар тақдим этиш орқали ижарага берилади ҳамда тегишли солиқлар тўланганда, ушбу фаолиятдан тушган нақд пулни банк кассасига топшириш ихтиёрий ҳисобланади.

Ҳисобга қўйилганлик тўғрисидаги гувоҳномасиз кўчмас мулклар ва айрим мол-мулк турларини ижарага бериш ёхуд кўчмас мулкларнинг ижарага берилгани тўғрисидаги маълумотларни ягона электрон платформага киритмаслик – солиқларни тўлашдан бўйин товлаш деб ҳисобланади ва қонунчиликда белгиланган тартибда жавобгарликка тортилади.

Ҳисобга қўйилганлик тўғрисидаги гувоҳнома асосида айрим мол-мулк турларини ижарага берадиган жисмоний шахслар тадбиркорлик субъекти сифатида давлат рўйхатидан ўтиши шарт эмас ҳамда уларнинг даромадларига белгиланган тартибда декларация асосида солиқ солинади.

Тадбиркорлик субъекти сифатида давлат рўйхатидан ўтган ҳолда оилавий меҳмон уйлари хизматлари кўрсатаётган ва айрим мол-мулк турларини ижарага бериш билан шуғулланадиган жисмоний шахсларга мазкур талаблар татбиқ этилмайди.


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!