Брюсселда Россия фуқароларининг Европа Иттифоқига кириши тўлиқ тақиқланиши мумкин
Брюсселда Украинага қарши урушда қатнашган Россия фуқароларининг Европа Иттифоқига кириши тўлиқ тақиқланиши муҳокама қилинмоқда.
Эстония тaшқи ишлар вазири Маргус Цахкнанинг сўзларига кўра, кўплаб Россия ҳарбийлари уруш тугагач Европага кетмоқчилигини билдирган.
Deutsche Presse-Agentur(DPA) қўлга киритган ҳужжатлардан бирида ёзишича, россиялик ҳарбийларнинг Европа Иттифоқига кириши ва бу ерда бўлиши нафақат зўравонлик ҳаракатлари хавфини оширади, балки шу орқали ташкил этиладиган жиноятчилик, экстремистик гуруҳлар ва душман давлат тузилмаларига бутун Европа бўйлаб ўзини мустаҳкамлаши ва тарқалиши мумкин бўлган муҳим канал сифатида хизмат қилади.
Шунингдек, Брюсселда собиқ ҳарбийлар Россия махсус хизматлари томонидан осонлик билан ёлланиши мумкин, деб ҳисобланмоқда.
Ҳужжат муаллифларининг фикрича, барча Европа Иттифоқи ва Шенген давлатлари Россиянинг Украинага қарши урушда қатнашган барча фуқароларига тўлиқ кириш тақиқини жорий қилиши, уларга виза ва доимий яшаш рухсатномасини бермаслиги лозим.
Шу билан бирга, DPA'нинг хабар беришича, виза бериш қоидалари турлича бўлгани сабабли бундай чораларни амалга ошириш қийинчилик туғдириши мумкин. Бундан ташқари, ҳарбийнинг ҳақиқатан Украинадаги жанг ҳаракатларида қатнашганини аниқлаш масаласи ҳам мавжуд.
Маълумотларга кўра, 2022 йилдан буён тахминан 1,5 миллион россиялик Украинага қарши урушда қатнашган. Ҳозирда жангларда тахминан 640 000 киши иштирок этмоқда.
