Балиққа бор сув одамларга йўқ…

Балиққа бор сув одамларга йўқ…

Сувсиз ҳаёт йўқлигини ҳаммамиз биламиз. Лекин кўпчилик уни тўлиқ тасаввур билан тушунмайди. Чунки ичимлик суви билан боғлиқ муаммоларга дуч келганмиз-у, оқар сувга муҳтожлик нима эканлигини билмаймиз! ­Уйимиз жўмрагидан бир муддат сув оқмай қолгандагина сувсиз яшаб бўлмаслигини англаймиз.

Мирзаобод тумани «Дўнгариқ» МФЙ ҳудудида яшовчи аҳоли бу йилги ёзни сувсиз ўтказди. 14 та хўжаликдан иборат қишлоқ аҳлини кўп йиллардан буён сув муаммоси қийнаб келмоқда. «Дўнгариқ» МФЙ раиси Фахриддин Эргашевнинг айтишича, бир пайтлар бу ҳудуд экин экиш ва чорвачилик учун қулай бўлган. Ҳудуддаги каналга кейинги йилларда сув келмай қолган.

Қишлоқ аҳолиси 4 км. узоқликдаги қўшни Туякаш қишлоғидан эшак араваларда сув ташиб келади. Улови йўқлар сувни сотиб олишга мажбур. Қиш кунларида эса йўл носозлиги сабабли арава ҳам юра олмай қолади. «Тез ёрдам» машинаси ҳам шошилинч ёрдам кўрсата олмайди. Болалар қўшни қишлоқдаги 4-сонли умумтаълим мактабига қатнайди. Илгари автобус қўйилган. Кейинги пайтда эса болалар ўқишга пиёда боришган.

Ўтган йили қишлоқ аҳли ичимлик суви ва йўл муаммоси бўйича Президент порталига мурожаат қилган. Туман ҳокимлиги қишлоқ 2018 йил дастурига киришини маълум қилган, бироқ ҳалигача ҳеч қандай ўзгариш йўқ.

Қишлоққа ёндош ҳудудда балиқчилик хўжаликлари ташкил этилган. «Балиқларга топилган сув одамларга йўқ. Балиқчалик қадримиз йўқми?», дейди қишлоқ аҳолиси биз билан суҳбатда.

Масаланинг ечимини излаб туман ҳокимлигига мурожаат қилдик. Туман ҳокимининг ёшлар сиёсати, ижтимоий ривож­лантириш ва маънавий-маърифий ишлар масалалари бўйича ўринбосари Раҳим Анорбоев бу қишлоқдаги муаммо билан танишлиги, яқинда ўқувчиларнинг мактабга қатнаши учун транспорт қатнови йўлга қўйилганини маълум қилди.

Туман ҳокимининг қурилиш, коммуникация, коммунал хўжалик ва ободонлаштириш масалалари бўйича ўринбосари Элдор Маманазаровнинг айтишича, 2018 йил режасига кўра тумандаги 19 км. узунликдаги йўлларни таъмирлаш режаси вилоят ташкилотига тақдим этилган. Бироқ дастурга бор-йўғи 10,5 км. йўл киритилган, холос. Шу сабабли қишлоқ йўллари яна эътибордан четда қолган.

Туман «Сувоқова» ДУК филиали раҳбари Шерзод Шоимов бу масалалар босқичма-босқич ҳал бўлиши, бу йилги дастурга Туякаш қишлоғи киритилганини билдирди. «Дўнгариқ» маҳалласи аҳолисини ичимлик суви билан таъминлаш учун тик қудуқ қазиш, сув минораси ва янги сув кўтариш насосини ўрнатиш ҳамда 1,5 км.лик сув қувурларини тортиш, бунинг учун 110-120 миллион сўм маблағ талаб қилинар экан.

Канал бошлиғи Ҳамроқул Хонимқуловнинг айтишича, 2018 – 2021 йиллар давомида каналда бетонлаш ишлари амалга оширилади. Шу боис каналга сув бериш тўхтатилган. Бедачилик ва анорчилик фермер хўжалиги экинларни суғориш учун Марказий Мирзачўл зовуридан насос орқали сув олади. Зовур суви ичишга яроқсиз.

Хуллас, мутасаддилар муаммонинг ечими сифатида «маблағ ажратилса», «дастурга киритилса» деган баҳонани рўкач қилиш билан чекланишмоқда. Лекин қишлоқ аҳлининг юрагида умид, кўзларида ишонч бор. Улар муаммонинг ечими борлигини билишади. Мутасаддилар амалий саъй-ҳаракатини бошласа, имкон топилади. Бунга эса асло шубҳа йўқ…

Manba: azon.uz


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!