“Ахборот”ни кўрсатишмаётганди ёхуд электрни муҳим янгиликлар вақтида ўчиришаётгани хусусида

“Ахборот”ни кўрсатишмаётганди ёхуд электрни муҳим янгиликлар вақтида ўчиришаётгани хусусида

Президентимиз Шавкат Мирзиёев Наманганга ташрифининг биринчи кунида Тўрақўрғон туманида қурилаётган йирик иссиқлик электр станциясини бориб кўрди. Мазкур объект яқин ойларда ишга тушгач, водийда электр таъминоти бутунлай яхшиланиши алоҳида таъкидланди.

Мамлакатимиз раҳбарининг вилоятимизга ташрифидан олдин электр энергияси билан боғлиқ манзара эса қуйидагича эди

Кечки соат 9.00 (21.00) да Ўзбекистон ва Ўзбекистон24 телеканаллари орқали Ахборот информацион дастурини оилавий бўлиб кўриш одат тусига айланган.

Тўрт ярим ёшли ўғлим ҳам бунга кўниккан (уни Ахборот ни томоша қиладиган саноқли кичкинтойлар қаторидасан, эртага боғча опангга телевизорда янгиликларни, Президентни кўрганингни айтасан , кейин Болажон даги акаларга тайинлайман, зўр мультфилм қўйиб беришади, дея қизиқтираман), тиззамга ўтириб олиб, зангори экран га тикилади. Турмуш ўртоғим ҳам шу вақтда канални Ўзбекистон га шай қилиб туради. Ота-онам эса бу пайтда мени безовта қилишмайди. Эрталаб юрт янгиликларини дастурхон атрофида муҳокама қиламиз...

Лирик чекиниш сал чўзилиб кетгандек... Аммо... очиғини айтсам, шундай файзли дамларни тобора қўмсаб боряпмиз. Бунга эса вилоят ва туман электр тармоқлари корхонаси мутасаддилари, тўғрироғи, уларнинг фаолиятидаги беқарорлик айбдор. Аслида, салга нолийверадиган касалим йўқ. Лекин икки ойдан буён роппа-роса 21.00 да ва эрталабки 8.00 да чироқ ўчади (25 февралгача).

Хуллас, худди шу соатларда, яъни Ахборот бошланиши билан лампочка бопладимми? дегандай кўзини бир қисади-ю, фонарга ўрнини бўшатади. Эҳ! дейман-да, электрчиларнинг гўрига ғишт қаламайман. Фурсатдан фойдаланиб, телефонимдаги ўқишга улгурмаган хабарларни ва сумкамдаги бир даста газеталарни ўқишга тушаман. Ибратбекнинг ҳам пошшо кўнглига қараш эсдан чиқмайди. У учун онаси билан бирга уй шароитидаги театр томошасини уюштирамиз. Ўзимизни асло хафа қилдириб қўймаймиз. Майли, Ахборот ни эрталаб ишга кетишдан олдин кўрарман, дейишимга уйимиз бирдан ёруғлашади. Болажон хурсанд, Ахборот эса тугаган...

Тонгда уйғонибоқ ток борлигини билиб, сал хотиржам бўламан. Яхши кайфиятда нонушта қилиб, яна телевизорга термиламан. Ана, Ахборот бошланди. Ииии, ундан уёғи, сезганингиздек, сизга маълум, чироқ лип этиб, атайлаб ўчакишгандай ўчирилади. Хуллас, шундай қилиб, кечаги куннинг энг муҳим хабарларини кузатолмадим. Шунга шунчаликми, бунинг нимаси фожиа?! деганлар эътиборига ҳали мулоҳазаларим бор.

Январь ойидан бери шу аҳвол. Йўқ, ундан ҳам олдинроқ экан. Очиғи, бу ҳақда индамай юргандим. 2018 йилнинг 28 декабрь санаси. Кундузги соат 10.00. Давлатимиз раҳбарининг Олий Мажлисга йўллайдиган Мурожаатномаси тўғридан-тўғри эфирга узатила бошланди. Бир оздан сўнг свет йўқолди, экран ва дил қоронғилашди. Дарров вилоят электр тармоқлари корхонасининг навбатчилик қисмига қўнғироқ қилдим. Диспетчерга Наманган туманининг Шўрқўрғон қишлоғидан фуқаро сифатида мурожаат этдим, журналистлигимни ҳам қистириб ўтдим. Асосийси, бундай муҳим паллада чироқнинг ўчирилиши умуман мумкин эмаслигини уқтирдим. Жон куйдириб айтганларим зое кетди, ток келишини анчагача кутиб ўтирдим. Ора-орада ўша лар билан боғландим, алоқа банд.

Ишхонадагиларни огоҳлантиргандим, уларнинг режаси ҳам меники билан бир хил. Ҳафталик газетамизни чиқариб бўлганмиз, бўшагандик. Кимдир ишхонада, яна бири кафеда, камина эса уйда шароит яратгандик. Аниқроғи, Президентнинг тарихий нутқини ҳамкасблар қулай жойда қарши олишга келишгандик. Муҳарриримиз эса Наманган шаҳар ҳокимлигининг онлайн видео студиясида, уларда ток узилармиди?!

Сиз Мазкур Мурожаатнома билан онлайн тарзда интернетда, кейинроқ эса матбуотда танишишингиз мумкин-ку? дея айтишингиз рост. Аммо журналист сифатида ўз вақтида бу маърузани диққат билан эшитишимиз, қайд дафтаримизга ёзиб олишимиз шарт. Мен эса чироқнинг аниқ ўчмаслигига ишонгандим-да. Бошқалардан билсам, қўшни туманларда ҳам шу вақт оралиғида электр симлари токсиз режимда бўлган.

Хўп, бу Мурожаатнома матнини кечроқ батафсил ўқиб чиқдим ҳам, дейлик. Газета ўқимайдиган аксарият оддий халқ-чи, агар ўшанда чироқ ўчмаганида улар ҳам бундай долзарб чиқишларни томоша қилишармиди, бир-бирларини руҳлантиришармиди... Президент сўзлари, улкан ислоҳотлар фақат ҳокимиятда ишловчи ва маълум раҳбарларга тегишли эмас-ку, ахир катта мақсад халқ фаровонлигига қаратилган, одамлар буни билиши даркор-ку?!

Ахборот информацион дастури ижодкорлари ҳам шундай ният билан кўрсатувни тайёрлашади. Бўпти, турли бемаза турк сериаллари қўйилаётганида свет ни узишсин ўша барака топкурлар, бу иш кўпчиликка маъқул тушарди.

Таъкидламоқчиманки, чироқни қачон ўчириш ёки ўчирмаслик бўйича электр таъминотидаги мутахассисларни бир ўқитвориш керак, шекилли. Уларнинг сиёсий саводхонлигини ошириш юзасидан теледастурлардан хабардор қилишга, Ахборот кўришга ундаш зарурга ўхшайди!..

Орифжон Жўраев, журналист.

Manba: xs.uz


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!