Автоблогер Бобур Ғаниевга нисбатан кўрилган 15 суткалик қамоқ жазоси адолатли эдими?

Автоблогер Бобур Ғаниевга нисбатан кўрилган 15 суткалик қамоқ жазоси адолатли эдими?

Блогер Бобур Ғаниев билан юзага келган вазият ҳақида кўпчилик ўз муносабатини билдирди, ҳуқуқшунос сифатида жамоатчилик томонидан билдирилган аксарият фикрларга қўшиламан. Ҳозир мени суд томонидан қўлланилган жазо чоралари бироз ўйлантирмоқда. Блогерга нисбатан Жиноий ишлар бўйича Учтепа тумани суди томонидан:

МЖтК 41-моддаси (ҳақорат қилиш) га асосан, БҲМнинг 20 баравари миқдоридаги жарима; МЖтК 194-моддаси (ички ишлар органлари ходимларининг ўз хизмат бурчларини бажаришларига қаршилик кўрсатиш)га асосан, БҲМнинг 1 баробари миқдорида жарима; МЖтК 195-моддаси (ички ишлар органлари ходимларининг ўз хизмат бурчларини бажаришларига қаршилик кўрсатиш) билан айбли деб топилиб, 15 суткалик маъмурий қамоқ жазоси қўлланилди. Бу ерда блогерга берилган кескинроқ жазо тури шубҳасиз, 195-моддадаги 15 суткалик маъмурий қамоқ бўлмоқда.

Аслида, МЖтК 195-моддасига кўра, агар фуқаролар ички ишлар органлари ходимининг ўз вазифаларини бажариши билан боғлиқ қонуний талабларини бажармасликка омма олдида ҳар қандай шаклда даъватлар қилса, худди шунингдек ички ишлар органлари ходимларига оммавий равишда бўйсунмасликни келтириб чиқариш мақсадида била туриб сохта уйдирмаларни тарқатса:
– БҲМнинг 3 бараваридан 5 бараваригача миқдорда жарима солинади ёки 15 суткагача муддатга маъмурий қамоқ жазоси берилиши мумкин.

Блогер томонидан ана шу ҳуқуқбузарлик содир этилганми ёки йўқми, ҳали бу ҳақида фикр айтганимиз йўқ, лекин диққатни тортгани суд томонидан МЖтК 195-моддадаги энг оғир жазо тури танлангани бўлди. Аслида, МЖтКнинг ҳуқуқбузарлик учун жавобгарлик белгиланган тегишли моддаларида жазолар “...дан – ...гача” шаклида, яъни энг енгил жазодан энг оғир жазо тартибида келтирилган.

Нима деб ўйлайсиз, ҳуқуқбузарларга нисбатан жазо қандай танланади? Ёки судьянинг кайфиятига қараб танланадими? Масалан, судья кимни ёмон кўрса, унга энг оғир жазо берилаверадими?

Гап шундаки, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 31-моддасида маъмурий жавобгарликни енгиллаштирувчи, 32-моддасида эса, жавобгарликни оғирлаштирувчи ҳолатлар ҳақида айтилган. Айнан мана шу енгиллаштирувчи ва оғирлаштирувчи ҳолатларга қараб, ҳуқуқбузарга нисбатан енгилроқ ёки оғирроқ жазо тури танланиши керак.

Масалан, МЖтКнинг 31-моддаси 1-қисми 1-бандига асосан, айбдорнинг ўз қилмишидан чин кўнгилдан пушаймон бўлиши ҳам жазони енгиллаштирувчи ҳолатлардан бири ҳисобланади. Ва биз кўрдикки, блогер Бобур Ғаниев ўз интервьюсида ўз қилмишидан пушаймонлиги ҳақида аниқ-тиниқ айтиб турибди.

Бунда вазиятда, суд қандай қилиб ундаги жазони енгиллаштирувчи ҳолатларни ҳисобга олмасдан, тўғридан-тўғри энг оғир жазо тури – 15 суткалик маъмурий қамоқни танлаганига ҳайронман. Шунинг учун ҳам суднинг қарори ҳақида адолатсиз ва ҳолис бўлмаган қарор деган фикрга келдим. Албатта, қолган йигитларга берилган жазо ҳақида ҳам шундай фикрдаман. Улар ҳуддики алоҳида бир “лойиҳа”нинг таркибий қисмига ўхшайди.

Тўғри, блогер Бобур Ғаниев сўз эркинлиги борасида чегарадан чиққан бўлиши мумкин, лекин барибир ҳар қандай ҳолатда ҳам суд ўз адолатини йўқотмаслиги керак эди. Бошқаларга қандай қараса, блогерга ҳам шундай қараши керак эди.

Ўзи, охирги вақтларда, журналист ва блогерлар ҳақида сўз кетганда, ҳуқуқ органларида, айниқса, судларимизда уларга нисбатан нафрат ва норозилик кайфияти аста-секин кучаймоқда. Ва бу, уларнинг қарорларига ҳам ўз таъсирини ўтказаётганини кўриб турибмиз.


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!