Агрокластерда асалари олиш мавсуми бошланди

Агрокластерда асалари олиш мавсуми бошланди

Андижон виояти Бўстон туманидаги “Сайёра фаввораси” хусусий корхонаси пахта тўқимачилик ишлаб чиқариш кластерининг асаларичилик тармоғида асал олиш мавсуми бошланди.

Хусусан, “Сайёра фаввораси” хусусий корхонаси пахта тўқимачилик ишлаб чиқариш кластерининг асаларичилик тармоғида асал олиш ишлари жадал олиб борилаётган бўлиб, бу борада ҳар бир асалари оиласидан 15-18 килограмдан асал олишга эришиляпти. Асал олиш ишлари шу кунгача агрокластернинг 5, 22, 30 ва 34 бўлимларида олиб борилган бўлиб, жами 1 тонна 800 килограм салмоқли асал олишга эришилди.

-Асалари парваришида об-ҳаво ҳам муҳим рол ўйнайди, -дейди қишлоқ хўжалиги кластерининг асаларичилик тармоғи мутахассиси Авазбек Қурбонов.

–Бу йилги об-ҳаво ҳам асаларичилик тармоғиимиз учун қулай келди. Ҳар бир асалари оиласидан 15-18 килограмдан асал олишга эришаяпмиз.

Маълумки асаларичилик сердаромад соҳа. Бир килограм ҳуштаъм, тоза ва табиий асал 60 минг сўмдан 100 минг сўмгача сотилишини ҳисобга олсак ушбу тармоқдан олинажак даромад бир мавсумнинг ўзида қарийб 160 миллион ва ундан ҳам ошиши мумкин.

Бугун пахта тўқимачилик ишлаб чиқариш кластерининг кенг дала майдонларида, ғўза шоналаридан табиий нектар ва гулчанг йиғиб, қулай шарт-шароитларда парваришланган асларилар муддатидан эрта асал йиғишга киришди. Бу эса асал олиш мавсумини ҳам эрта бошланишига замин яратди.

Аммо, кейинги пайтларда қишлоқ хўжалиги кластеридан ташқарида бўлган айрим фермер хўжаликлари томонидан ғўза парваришида белгиланган тартиб бўйича заҳарли гербицидларни кечги маҳалда сепишга амал қилинмаги оқибатида кластерда парваришланаётган асаларилар кескин хавф остида қолди.

Шундай бўлсада, агрокластер асаларичилик тармоғининг тажрибали мутахассислари саъй-ҳаракатлари билан асаларилар хавфдан холи этилди ва бугунги кунда асал олиш мавсумида белгиланган режа асосида асал олишга эришиляпти .

Эътиборлиси, асаларичилик тармоғи нафақат қишлоқ хўжалиги кластери тизимида меҳнат қилаётган ишчи ходимларнинг даромадини янада оширяпти, балки юртимиз бозорларида ҳуштаъм, тоза ва табиий асал маҳсулотининг янада арзон бўлишига ҳисса қўшяпти.

Маълумот учун мазкур агрокластер маъмурияти томонидан жорий йил бошидан асаларичилик тармоғи ташкил этилган бўлиб, Украина давлатидан олиб келинган “Карпат” зотига мансуб асаларининг 120 дона қутига жойланган 240 та оиласи кластернинг 12 та бўлимида парваришлашга киришилган эди. Айни дамда биринчи асал олиш мавсуми уюшқоқлик билан олиб борилмоқда.

Илҳомжон ТОЖИБОЕВ,

“Сайёра фаввораси” хусусий корхонаси

Пахта тўқимачилик ишлаб чиқариш кластери матбуот хизмати ходими


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!