Агар хотинларингизнинг итоатсизлигидан қўрқсангиз...

Агар хотинларингизнинг итоатсизлигидан қўрқсангиз...

Аллоҳ таоло айтади:

Хотинларингизнинг итоатсизлигидан қўрқсангиз, аввало уларга панд-насиҳат қилинглар, сўнг (яъни, насиҳатларинг кор қилмаса), уларни ётоқларда тарк қилингиз, (улар билан бир жойда ётманг, яқинлашманг) сўнгра (яъни, шунда ҳам сизларга бўйинсунмасалар), уринглар! Аммо сизларга итоат қилсалар, уларга қарши бошқа йўл ахтарманглар. Албатта, Аллоҳ энг юксак ва буюк бўлган зотдир (Нисо сураси, 34).

Воҳидий раҳимаҳуллоҳ айтганларки: Бу оятдаги итоатсизлик дан мурод эрга осийлик қилиш, яъни, такаббурлик билан эрининг буйруқларига хилоф иш юритишдир .

Ато раҳматуллоҳи алайҳ айтадилар: У (яъни, итоатсизлик) эри учун ўзига оро бермаслик (хушбўйлик сепмаслик), ўзи билан ҳузурланишига йўл қўймаслик ва илгариги мутеълик ҳолати ўзгариб қолишидир. Ундай хотинларга Аллоҳ Китоби ила панд-насиҳат қилинглар , Аллоҳ уларга буюрган ишларни эслатинглар .

Ибн Аббос розияллоҳу анҳу: Уларни ётоқларда тарк қилиш тўшакда хотинига орқасини ўгириб, гапирмай ётишидир , деган бўлсалар, Шаъбий ва Мужоҳидлар: Хотини билан бир жойда ётмаслик, яқинлашмаслик , дейишган.

Уларни уришдан мурод қаттиқ, бирон аъзосига жароҳат етказадиган қилиб эмас, билакс секин уришдир.

Ибн Аббос розияллоҳу анҳумо: Одоб бериш учун кафти билан кўксига туртиш каби , деганлар.

Эр хотинининг итоатсизлигини ушбу оятда зикр қилинганидай, Аллоҳ изн берган суратда тузатиши, бартараф этиши лозим.

Агар сизларга (талаб қилган нарсаларингизда) итоат қилсалар, уларга қарши бошқа йўл ахтарманглар .

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтганлар: Эр хотинини тўшагига чорлаган вақтда (хотини) келмаса ва эри ундан норози бўлиб тунаса, то тонг отгунча фаришталар у аёлни лаънатлайдилар (Муттафақун алайҳ).

Бошқа бир ривоятда Аллоҳга қасамки, қайси бир киши хотинини тўшагига чорласа-ю, хотини бош тортса, то эри ундан рози бўлмагунча, осмондаги Зот ундан рози бўлмайди , дейилган (Муттафақун алайҳ). Яна бир ривоятда эса: Агар аёл эрининг тўшагини тарк этган ҳолда тунайдиган бўлса, то тонг отгунча, фаришталар у аёлни лаънатлайдилар , дейилган (Бухорий, Муслим, Насоий ривояти).

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: Уч тоифа одамнинг намози мақбул бўлмайди ва биронта яхшилиги осмонга кўтарилмайди: қочоқ қулнинг, то хўжайинларига қайтиб, қўлини уларнинг қўлларига қўймагунича; эрини ғазаблантирган норози қилган аёлнинг, то эри ундан рози бўлмагунича ва мастнинг, то ўзига келмагунича (Ибн Ҳиббон, Ибн Ҳузайма ривояти).

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: Эри ҳозир бўлган (сафарда бўлмаган) аёлга эрининг рухсатисиз рўза тутиши ва унинг изнисиз бировни уйига киришига изн бериши ҳалол эмас (Бухорий ривояти).

Ушбу ҳадиси шарифдаги ҳукм ихтиёрий-нафл рўзаларга тааллуқли бўлиб, эрнинг ҳақи улуғ ва итоати вожиб бўлгани боис, ундан изн сўрамай туриб хотини рўза тутиши мумкин эмас.

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: Агар бирон бандани бошқа бир бандага сажда қилишга буюрган бўлганимда, шубҳасиз, хотинни эрига сажда қилишга буюрган бўлардим (Термизий ривояти).

Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳу ривоят қиладилар: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: Аллоҳ таборака ва таоло эрига ношукрлик қиладиган хотинга қарамайди. Ҳолбуки, у эридан беҳожат эмас (Насоий, Баззор ривояти).

Умму Салама розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: Қайси аёл вафот этса-ю эри ундан рози бўлса, жаннатга киради (Ибн Можа, Термизий ривояти).

Ривоят қилинадики, аёл қиёмат куни биринчи бўлиб намози ва эридан сўралади. Ривоят қилинишича, аёл уйидан чиқса-ю, эри норози бўлса, то (уйига) қайтгунича, осмондаги барча фаришталар ҳамда инсу жиндан ташқари, у ёнидан ўтган ҳар бир нарса унга лаънат айтади.

Аёл эрини норози қилишдан, ғазаблантиришдан сақланиши ва эри уни хоҳлаган вақтида бош тортмаслиги лозим. Зеро, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам айтганларки: Агар эр ҳожати учун чорласа, гарчи (хотини) ўчоқ бошида бўлса ҳам келсин (Термизий, Насоий, Ибн Ҳиббон ривояти).

Уламолар айтадиларки: Магар аёл узрли (ҳайз ёки нифос кўрган) бўлса, эрининг чақириғига жавоб бермаслиги лозим. Шунингдек, эр ҳам аёли узрли бўлган вақтда бу ишни талаб қилмаслиги ва узрли ҳолати тугаб, ғусл қилмагунича унга яқинлик қилмаслиги даркор. Зотан, Аллоҳ таоло айтганки: Бас, ҳайз пайтида аёлларингиздан четланингиз ва то покланмагунларича уларга яқинлашмангиз! (Бақара сураси, 222-оят).

Ривоят қилинадики: Кимда-ким ҳайзли аёлга ёки хотинининг орқасига яқинлик қилса ёхуд фолбинга бориб, гапини тасдиқласа, батаҳқиқ, у Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга нозил қилинган нарсага куфр келтирибди .

Бошқа бир ҳадисда: Аёлларининг орқаларига яқинлик қиладиган кимсаларни Аллоҳ лаънатлайди , дейилган (Табароний ривояти).

Хуллас, хотин узрли ҳолатида эри яқинлик қилишни хоҳласа, бўйсунмаслиги, бундан бошқа барча ҳолатда итоат этиши лозим.

Яна аёл билиб олиши лозимки, у ўз нафсида ва эрининг молида ундан изн сўрамай туриб, тасарруф қила олмайди. Эрининг ҳаққи ўзининг ҳаққидан, эри қариндошларининг ҳаққи ўз қариндошлари ҳаққидан муқаддам туради. Эри у билан ҳузурланиши учун, покликтозаликка эътибор берган ҳолда тайёр бўлиши лозим. Ҳусн-жамоли билан эрига такаббурлик қилмаслиги, мабодо эри хунук бўлса, уни айбламаслиги даркор.

Асмаъий айтадилар: Саҳройи араблар маконига борган эдим. У ерда бир эр-хотинни учратдим. Хотин гўзал, эри эса хунук эди. Хотиндан: Мана шундай кишининг қўл остида яшашга қандай рози бўлдинг? деб сўраган эдим, у: Яхшилаб эшитиб ол, эҳтимол эрим ўзи билан Яратувчиси Аллоҳ орасини яхши қилгандир-у, мени унга мукофот қилиб бергандир. Эҳтимол, мен осийлик қилгандирман-у, уни менга жазо қилиб бергандир , деди.

Оиша розияллоҳу анҳо айтадилар: Эй аёллар жамоаси, агар эрларингизнинг сизларнинг устингиздаги ҳақларини билганингизда эди, сизлардан ҳар бир аёл эрининг оёқларидаги чангни юзининг ёноқлари билан артиб қўйган бўларди .

Ривоят қилинадики: Сизларнинг жаннатдаги аёлларингиз ҳар бир суювчию болажон (серфарзанд) аёллардир. Мабодо ғазабланса, ёки унга ёмон муомала қилинса ва ё эри ғазабланса: Қўлим қўлингизда, то рози бўлмагунингизча, киприк қоқмайман , дейди .

Шунингдек, аёл эридан доимо ҳаё қилиши, унинг ҳузурида ерга боқиб туриши, буйруғига итоат қилиб, гапираётганда сукут сақлаши, кириб келганида ёки чиқиб кетаётганида ўрнидан туриши, унга ёқмайдиган барча нарсалардан узоқ бўлиши, ухлаши олдидан унга ўзини арз қилиши, унга тўшаги ва мол-мулкида хиёнат қилмаслиги, доимо покиза бўлиши, мисвок ишлатишга одатланиши, у ҳозир бўлганда ўзига зеб бериб, хушбўйликлар сепиб, йўқлигида зийнатни тарк этиши, унинг аҳли ва қариндошларини иззат-икром қилиши, озгина нарсасини кўп ўрнида кўриши вожиб бўлади.

Manba: islom.uz


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!