2024 йил ишсизлик даражаси Осиёда нисбатан паст бўлиши кутиляпти

2024 йил ишсизлик даражаси Осиёда нисбатан паст бўлиши кутиляпти

Осиё мамлакатлари ялпи ички маҳсулоти ўсиш суръати 2024 йил 4,5 фоизни ташкил этиши ҳақидаги прогноз шу кунларда Хитой жанубидаги Хайнан провинциясида бошланган Боао Осиё форуми (БОФ) йиллик конференцияси учун тайёрланган “Осиёда иқтисодий истиқбол ва интеграция жараёни – 2024” ҳисоботи муаллифлари томонидан берилган.

– Йирик Осиё давлатларининг талаб ва иқтисодий ўсишни рағбатлантиришга қаратилган макроиқтисодий сиёсати самарадорлигини инобатга олган ҳолда, Осиё мамлакатларида 2024 йил ялпи ички маҳсулот вазнли ўсиши 4,5 фоизга яқинлашиши кутилмоқда, – дейилган ҳисоботда.

Осиё глобал иқтисодий ўсишга энг кўп ҳисса қўшадиган минтақа бўлиб қолмоқда. Масалан, иқтисодий ўсиш Шарқий Осиёда 2023 йилдан бошлаб 4,3 фоиз даражасида ўзгаришсиз қолиши кутиляпти. Жанубий Осиё эса ривожланишни 5,4 фоиздан 5,8 фоизгача ошириб, қитъадаги энг тез ривожланаётган субрегион сифатидаги мавқеини сақлаб қолади. Ғарбий Осиёда бу кўрсаткич 2,5 фоиздан 3,5 фоизгача кўтарилиши айтилмоқда.

Ишсизлик даражаси бўйича Осиёдаги умумий вазият бу йил бошқа қитъаларга қараганда яхши бўлиши, яъни 4,71 фоизни ташкил этиши тахмин қилинмоқда. Бу прогноз қилинган глобал ишсизлик даражаси – 5,16 фоиздан анча паст.

2001 йил ташкил этилган, “Шарқ Давоси” деб ҳамномланадиган Боао Осиё форуми 29 аъзо давлат томонидан биргаликда тузилган нодавлат халқаро ташкилотдир. БОФни ташкил этишдан мақсад Осиёда иқтисодий интеграцияни ривожлантириш. Форум Осиё ва бошқа қитъалар сиёсий, бизнес ва академик етакчилари иштирокида глобал муаммоларни муҳокама қилиш учун юқори даражадаги мулоқот майдонига айланган.


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!