Япония бош вазири Ким Чен Ин билан исталган вақтда учрашишга тайёрлигини айтди

Япония бош вазири Фумио Кисида Корея Халқ Демократик Республикаси (КХДР) Давлат кенгаши раиси Ким Чен Ин билан “исталган вақтда” ва “олдиндан ҳеч қандай шартларсиз” учрашишга тайёр.
Бу ҳақда навбатдаги матбуот анжуманида Япония Вазирлар Маҳкамаси бош котиби Хироказу Матсуно журналистларга маълум қилди.
“Бош вазир Кисида ҳар қандай вақтда раис Ким Чен Ин билан ҳеч қандай шартларсиз тўғридан-тўғри мулоқот қилишга тайёр эканлигини маълум қилди”, — деди у. Матсуно таъкидлаганидек, Бош вазир КХДРга Япония-Шимолий Корея муносабатларидаги барча мавжуд муаммоларни ҳал қилишга ва икки томонлама муносабатларнинг “янги даври эшигини биргаликда очишга” тайёрлигини билдиришда давом этмоқда:
“Саммит ўтказилиши керак ва биз бу йўналишдаги саъй-ҳаракатларни Бош вазирнинг шахсий назорати остида юқори даражадаги маслаҳатлашувлар орқали давом эттириш ниятидамиз”.
Аввалроқ Кисида сўнгги йилларда ўзидан олдинги раҳбарлар сингари Шимолий Корея разведкаси томонидан ўғирлаб кетилган Япония фуқаролари муаммосини ҳал қилиш учун Ким Чен Ин билан шахсан учрашишга тайёрлигини бир неча бор таъкидлаган эди.