Трамп Пентагоннинг Украина бўйича бўлими мақомини пасайтиришга қарор қилди

Дональд Трамп Пентагоннинг Украина бўйича бўлими мақомини пасайтиришга қарор қилди.
Бу ҳақда Defense News нашри АҚШ мудофаа вазирлигининг уч нафар собиқ ходими ва икки нафар европалик амалдорга таяниб хабар берди.
"Гап Россия Украинага қарши уруш бошлаганидан сўнг муҳим аҳамиятга эга бўлган Пентагон бошқармаси ҳақида бормоқда. Ушбу бошқарма урушга нисбатан сиёсатни шакллантириш ва Киевга ҳарбий ёрдамни мувофиқлаштириш билан шуғулланган. Шунингдек, у Украинага қурол-аслаҳа етказиб беришни мувофиқлаштираётган 50 та давлатдан иборат “Рамштайн форматини” шакллаантиришда муҳим рол ўйнаган", деб ёзмоқда газета.
Defense News манбаларига кўра, Украина, Россия ва Евроосиё масалалари бўйича бўлим Пентагон сиёсий тузилмасини қайта шакллантириш доирасида Евроиттифоқ ва NATO ишлари бўйича йирик бошқармага бўйсундирилиши мумкин.
Манбаларнинг маълум қилишича, бу бўлимни тугатиш ёки ходимларни ишдан бўшатиш режалаштирилмаяпти, қарор ҳозирча якуний эмас ва кенгроқ қайта ташкил этиш доирасида кўриб чиқилмоқда.
Нашр суҳбатдошларидан бир нечтаси бу ўзгариш эҳтимолини АҚШ учун Украина энди устувор йўналиш бўлмай қолаётганининг белгиси сифатида кўрмоқда.
Шунга қарамай, Вашингтон Киевга разведка маълумотлари ва аввал тасдиқланган ҳарбий ёрдамни тақдим этишда давом этмоқда. Аммо АҚШ Конгресси ҳозирча Украинага янги ёрдам дастурларини молиялаштиришни маъқуллагани йўқ.