Янги қонун жамиятда қонун устуворлигини ва ижтимоий адолатни таъминлайди

Янги қонун жамиятда қонун устуворлигини ва ижтимоий адолатни таъминлайди

Ўзбекистон Республикасининг янги таҳрирдаги “Судлар тўғрисида”ги қонуни (ЎРҚ-703-сон, 28.07.2021 й. Президент томонидан имзоланди.) суд ҳокимиятининг чинакам мустақиллигини, одил судловнинг судьялар томонидан фақат қонунга бўйсунган ҳолда амалга оширилишини, суд мажлисларининг ошкора ва шаффоф ўтказилишини таъминлаш, фуқароларнинг ҳуқуқлари ва эркинликларини, тадбиркорлик субъектларининг қонуний манфаатларини суд йўли билан кенг ҳимоя қилиш ва шу орқали шахсларнинг одил судловга эришиш даражасини оширишга қаратилганлиги билан аҳамиятлидир.

Дастлаб “Судлар тўғрисида”ги янги қонуннинг эски таҳрирдаги қонундан асосий фарқлари ва ўзига хос хусусиятлари ҳақида қисқача тўхталиб ўтсак.

Қонунга кўра, Ўзбекистонда суд ишларини юритиш ўзбек тилида, қорақалпоқ тилида ёки муайян жойдаги кўпчилик аҳоли сўзлашадиган тилда олиб борилади.

Одил судловни амалга оширишда ҳар бир кишига малакали юридик ёрдам олиш ҳуқуқи кафолатланади. Ҳеч ким суд қарорига асосланмаган ҳолда қамоққа олиниши мумкин эмас.

Шунингдек, барча судларда ишлар очиқ кўрилади. Ишларни ёпиқ суд мажлисида кўриб чиқишга фақат қонунда белгиланган ҳолларда йўл қўйилади.

Суд мажлиси залида ҳозир бўлган шахслар, оммавий ахборот воситалари вакиллари суд мажлиси залида қонунда белгиланган тартибда фотосуратга олиши, видео ва аудио ёзувни амалга ошириши мумкин.

Шу билан бирга, Олий суд қуйи судларнинг судлов фаолияти устидан назорат олиб бориш ҳуқуқига эга.

35 ёшдан кичик бўлмаган, фуқароларнинг яшаш ёки иш жойидаги йиғилишида очиқ овоз бериш йўли билан икки ярим йил муддатга сайланган Ўзбекистон фуқароси халқ маслаҳатчиси бўлиши мумкинлиги белгиланди.

Судья биринчи марта 5 йиллик муддатга, навбатдаги 10 йиллик муддатга ва лавозимда бўлишнинг муддатсиз даврига белгиланган тартибда сайланади ёки тайинланади.

Олий суд судьяси лавозимида бўлишнинг энг юқори ёши 70 ёшни, бошқа судлар судьялари учун – 65 ёшни ташкил этади.

Уй-жойга муҳтож бўлган судья маҳаллий давлат ҳокимияти органлари томонидан Вазирлар Маҳкамаси белгилаган тартибда суд жойлашган ерда хизмат турар жойи билан таъминланади.

Судья унга доимий яшаш учун белгиланган тартибда турар жой берилгунга қадар турар жой арендаси, ижараси (иккиламчи ижараси) билан боғлиқ харажатлари компенсация қилиниши ҳуқуқига эга.

Бундан ташқари ваколат муддати тугаган судьяларнинг ижтимоий ҳимоялаш тартиби ҳам белгиланган бўлиб, ваколатлари муддати тугаган судьяларнинг ўртача ойлик иш ҳақи уларни янги ваколатлар муддатига қайта сайлаш ёки қайта тайинлаш тўғрисидаги масала ҳал қилинаётган даврда ёхуд бошқа иш берилгунга қадар, лекин кўпи билан уч ойгача сақлаб қолиниши, судьяларга уларнинг ваколатлари муддати тугаганидан кейин улар судьялик лавозимига сайланишга ёки тайинланишга қадар эгаллаб турган аввалги иши (лавозими) берилади, бундай иш (лавозим) мавжуд бўлмаганда эса аввалгисига тенг бошқа иш (лавозим) берилиши белгиланди.

Хулоса ўрнида шуни таъкидлаш керакки, суд-ҳуқуқ соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар мамлакатимизда қонун устуворлигини ва ижтимоий адолатни, фуқаролар тинчлиги ва тотувлигини таъминлашга қаратилгани билан алоҳида аҳа­мият касб этади.

Сардор Суванов,

Гулистон туманларо маъмурий суди судьяси,

Собир Рустамов,

Сирдарё вилоят маьмурий суди судьяси


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!