Халқаро рейтинг ва индекслар билан ишлаш бўйича республика кенгаши ташкил этилди

Халқаро рейтинг ва индекслар билан ишлаш бўйича республика кенгаши ташкил этилди

«Ўзбекистон Республикасининг халқаро рейтинг ва индекслардаги ўрнини яхшилаш ҳамда давлат органлари ва ташкилотларида улар билан тизимли ишлашнинг янги механизмини жорий қилиш тўғрисида» Президент Фармони (ПФ-6003-сон, 02.06.2020 й.) қабул қилинди.

Фармон билан Халқаро рейтинг ва индекслар билан ишлаш бўйича республика кенгаши ташкил этилди ва унинг асосий вазифалари белгиланди.

Мамлакатнинг ижтимоий-иқтисодий ва сиёсий-ҳуқуқий тараққиёт даражасини тизимли таҳлил қилиб бориш, амалга оширилаётган туб ўзгаришларнинг халқаро рейтинг ва индексларда мамлакатнинг ўрнини яхшилаш мақсадларига хизмат қилишини таъминлаш Кенгаш вазифаларидан биридир.

Молия вазирлиги ва Адлия вазирлиги Кенгашнинг ишчи органлари этиб белгиланди.

Шунга кўра, ижтимоий-иқтисодий ва сиёсий-ҳуқуқий рейтинг ва индексларнинг Кенгаш ишчи органлари бўйича тақсимоти тасдиқланди.

Фармон билан шунингдек, Ўзбекистон учун устувор бўлган халқаро рейтинг ва индекслар бўйича самарадорликнинг энг муҳим кўрсаткичлари (KPI) тасдиқланди.

Фармонга кўра, масъул давлат органларининг биринчи раҳбарлари ҳар чорак якуни бўйича:

* кейинги ойнинг 15-санасига қадар Кенгаш ишчи органларига мамлакатда амалга оширилаётган ислоҳотлар тўғрисидаги маълумотлар, зарур статистик ахборотлар ва бошқа материалларни тақдим этади;

* кейинги ойнинг 30-санасига қадар Кенгаш раиси ёки ўринбосарининг раҳбарлигида ўтказиладиган йиғилишларда тегишли халқаро рейтинг ва индексларда KPI га эришиш учун амалга оширилган чора-тадбирлар тўғрисида ахборот беради.

Фармон билан Адлия вазирлиги марказий аппарати тузилмасида Халқаро рейтинг ва индекслар билан ишлаш бошқармаси ташкил этилди.

2020 йил 1 октябрга қадар Интернет тармоғида «Ўзбекистон Республикаси халқаро рейтингларда» ягона портали ишга туширилади.
 


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!