Вазирлар Маҳкамасининг собиқ ходимини ҳимоя қилаётган журналист ҳақми?

Вазирлар Маҳкамасининг собиқ ходимини ҳимоя қилаётган журналист ҳақми?

Эсингизда бўлса, бундан 3-4 кун олдин, Вазирлар Маҳкамасининг бир ходими иш билан келган фуқарони "Долбо...б", "Терпила" деб хақорат қилган, "Хоҳласанг шу, мен сенинг ишингни ҳал қилиш учун ўтирганим йўқ бу ерда" деган гапларни қилиб, қўпол муомалада бўлгани акс этган видео тарқалган эди. 

Мазкур масала юзасидан фуқаро билан қўпол муомалада бўлган ходим устидан хизмат текшируви ўтказилиб, Вазирлар Маҳкамаси ходими хизмат вазифасига номувофиқ, деб топилиб эгаллаб турган лавозимидан озод қилингани хақида Вазирлар Маҳкамаси баёнот берган эди. Бугун эса ана шу ҳолат бўйича "Qalampir.uz"да журналист Муҳайё Саидованинг "Тумов учун бурун кесилмайди ёхуд Вазирлар Маҳкамаси "қўпол" ходимидан нега воз кечди?" номли мақоласи чоп этилди. Бу мақолада журналист Вазирлар Маҳкамасининг "қўпол" ходимини ҳимоя қилган. Буни қарангки, "Қўшни маҳалла" телеграм каналида ана шу мақолага жавоб мақола чиқди. Эътиборингизга ана шу мақолани ҳавола этамиз

"Мақолани ўқир эканман, ўша ишдан ҳайдалган ходим кўз олдимда бошида нурли ҳалқачаси билан гавдаланади. Кўзларимга ёш келиб, афсус-надоматлар чекиб, худди сув минорасидан сакраган Раисбувага ачиниб йиғлаган Бозорбой каби ҳолатга тушдим.

Ҳурматли Муҳаё Саидова, сиз катак ташламай ёзган 3 вароқ мақола шунчаки сув. Агар ўша ходимнинг халқ вакилига нисбатан қилган иши стакандаги қатиқ бўлса, сиз топиб келган "аргумент" ва бошқа ходимларнинг унинг олдин хушмуомала ва одобли бўлганини айтган гаплари қатиқ идишининг юқи, холос. Сиз мақолада ходимнинг фақат "Терпила" деган сўзни айтганини келтирибсиз, "Долбо...б" деганини эшитмаганмисиз ёки биров қайта кўрмайди деб ёздингизми? Бундай мансабдор шахсни оқлаб чиқиш учун топган журъатингизга қойил қолмасдан иложим йўқ. Агар мен ўша видеони ўзим кўрмаган бўлганимда ҳам сизнинг мақолангизга сразу жавоб ёзмаган бўлар эдим. 

Ўша мақоладан: " “Терпила” ҳуқуқни ҳимоя қилиш тизимларида кўп қўлланиладиган “потерпевший” – жабрланувчи, сўзининг қисқартмаси. Бу сўз пойтахт ҳамда бошқа вилоятлар шевасидаги жаргон ва бу сўзнинг бироз ҳақоратомуз оҳангда ишлатилишини ҳисобга олмаганда ҳеч қандай акс маънога эга эмас. “Терпила” ўзини жабрдийда деб билган шахсга нисбатан қўлланилади."

Яна журналист Вазирлар Маҳкамаси собиқ ходимини кимнингдир ўғли, эҳтимол, қайсидир қоракўз болажоннинг отаси эканлигини гапиряптилар, у энди қаерга боради, нима иш қилади, деган савол қўйганлар. Бу нарсани ўша одам бошқа бировнинг боласи ва отасини "Долбо...б" деб ҳақорат қилаётганида ўйлаши керак эди.

Ҳа, айтганча, "жалаб" сўзи ҳам бироз ҳақоратомуз оҳангда ишлатилишини ҳисобга олмаганда ҳеч қандай акс маънога эга эмас. Араб тилида "Жалб қилувчи", "Чиройли" деган маъноларни англатади, холос. Раунд!" деб мақолани тугатган муаллиф.

Бу борада бизнинг ўз фикрларимиз бор. Яъни Давлатимиз раҳбари вазирлар, ҳокимлар, умуман, амалдорларга асосий вазифа халқ манфаатларини ҳимоя қилиш, халқнинг муаммоларини ҳал қилиш эканлигини уқтираётган бир пайтда фуқаронинг масъул ходимдан муаммосини ҳал қилиб беришни талаб қилишга ҳақи бор. Айтганча, фуқаро ходимга “Сен менинг ишимни ҳал қилиб бериш учун ўтирибсан. Нима учун маош оляпсан бўлмаса?! Сендақаларни деб қонун ишламаяпти”, демаган, аниқроғи, сенсирамаган, сизлаб гапирган. Бу ерда фуқаронинг шахсини ёмонроқ кўрсатиш учун "сиз" "сен"га айлантирилганга ўхшаб қолган.

Бундан ташқари, "терпила" сўзи "жабрдийда" маъносини бериши айтилган журналист опанинг мақоласида. Бу тўғри. Аммо Вазирлар Маҳкамасининг собиқ ходими бу сўзни қандай маънода қўллаган? "Бор "терпила"лигингни қилавер": хўш, бу жумлада "терпила"нинг ўрнига "жабрдийда"ни қўйиб кўрайлик, "Бор, жабрдийдалигингни қилавер". Ёпишмаяпти, тўғрими? Чунки қуйидаги вариант ҳақиқатга яқин бу ўринда: "Бор, чақимчилигингни қилавер". Хўш, бу ҳақоратми? Ҳа, албатта.

Тўғри, видеода фуқаронинг ҳам маданият чизиқларидан четга чиққани кўриниб турибди. Аммо раҳбар инсон ҳар доим хуш муомалада бўлишга мажбур. У ана шу хуш муомаласи, фуқароларнинг арз-додини тинглаб, муаммоларини ҳал қилишга ҳисса қўшаётгани учун маош олади. Шунинг учун имтиёзларга эга, шунинг учун обрўга эга.

Яна бир гап, видеода фуқарога "Ойлигимни ҳисоблаш сангамас", "Сани ишингни ҳал қилиш учун ўтирганим йўқ", дея пўписа қилган ходим ундан кўра яхшироқ муомалада бўлиб, айтайлик, "Нима истайсиз, мақсадингиз нима, қандай ёрдам беришимни хоҳлайсиз", деб, ёки фуқаро жуда хиралик қилаётган бўлса ҳам "Сизга айтдим-ку, шундай-шундай", деб тушунтирса, олам гулистон эди. Ҳатто фуқаро уни қўполлашишга мажбурлаган тақдирда ҳам қўполлашмаса, мувозанатни йўқотмаса, бу унинг ютуғи бўларди. Шунда бундай видео чиқмасди, раҳбар ҳам ишдан бўшамасди.

P/s. Биз фуқарони тўлиқ оқлаш ёки собиқ ходимни тўлиқ қоралаш фикридан йироқмиз. Шунчаки бу ҳолатда ҳар кимнинг ўзига яраша айби борлигини, журналист опадан фарқли равишда, фуқаро ноҳақ эмаслигини, ўз ўрнида собиқ ходимнинг ҳам тўлиқ ҳақ эмаслигини таъкидламоқчимиз. Вазиятга реал ёндашиб, фикримизни билдирдик. Хулоса ўзингиздан.


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!