Ўзи сезмаган бир амали билан ёлланма қотилни таслим қилган шоҳ

Ўзи сезмаган бир амали билан ёлланма қотилни таслим қилган шоҳ

Заҳириддин Муҳаммад Бобур — у кўпчиликка давлат арбоби, шоир, адиб ҳамда тарихчи сифатида маълум бўлганлиги учун илмий тадқиқотларда асосан ушбу жиҳатларига эътибор қаратилади.

Бобур шахсиятида кўзга ташланадиган жиҳатлардан бири — ўта синчковлик ва зийракликдир. “Бобурнома”да 1560 дан ортиқ шахс номи тилга олинади ва кўплаб тарихий шахсларнинг мукаммал тавсифи келтирилади. Бу тавсиф тилга олинган ҳар бир шахснинг ижтимоий келиб чиқиши, ота-онаси, фарзандлари,ижтимоий-сиёсий мавқеи, феъл-атвори, юз тузилиши, ҳаттоки, кийинишигача бўлган жиҳатларни ўз ичига олади.

Бу эса тарихий шахсларни тўлиқ, бутун бўй-басти билан тасаввур қилиш имконини беради. Мисол тариқасида, темурийлар сулоласи вакили Ҳусайн Бойқорога оид маълумотларни келтириш мумкин.

“У қийиқ кўзли шеркелбат киши эди. Улуғ ёшга етиб соч-соқоли оқарган бўлса-да, хушранг, қизил-яшил ипак матолардан кийим киярди. Мафосил (ревматизм) ҳасталигига чалинганди. Шижоатли мард киши эди, қилич чопишда жуда уста, Темурбек наслидан ҳеч ким Ҳусайн мирзочалик қилич чопган эмас.Ҳусайн мирзо кичиклигида қўчқор, кабутар сақлаган, хўроз уруштирар эди. У адолатли эди. Бир маротаба ўғли бир кишининг ўғлини ўлдириб қўйганда, ўз фарзандини қозихонага юборган”.

Заҳириддин Муҳаммад Бобур отаси Умаршайх мирзони қуйидагича таърифлайди: “паст бўйли, юмалоқ соқолли, сарғиш юзли норғил киши эди. Тўнни жуда тор киярди. Адолати шу даражада эдики, Андижоннинг шарқий тарафидаги тоғларнинг пастида Хитойдан келаётган минг қорамоллик карвонни шундай қор босдики, икки киши қутулиб қолди, холос. Хабар топиб одамларни юбориб карвоннинг ҳамма нарсаларини йиғдирди. Ўша пайтда ворислари бўлганидан, эҳтиёт юзасидан сақлаб, бир-икки йилдан сўнг Самарқанд ва Хуросондан ворисларини суриштириб, топтириб келтирди ва молларини эсон-омон топширди”.

Заҳириддин Муҳаммад Бобур моҳир сузувчи бўлгани ҳам яхши маълум. Айрим маълумотларга кўра, у Туркистондаги деярли барча дарёлардан сузиб ўтган ва бу унинг ҳарбий юришларида ҳам қўл келган. Афсоналарга кўра, Бобурнинг душманлари уни ўлдириш учун бир ҳиндни ёллайдилар. Ёлланган қотил Бобурнинг Ҳинд дарёси бўйига сайрга чиқишини пойлаб, унинг кетидан тушади. Шу пайтда ногаҳон олти ёшли ҳинд болакайи дарёга тушиб кетади ва Бобур ҳеч ўйлаб ўтирмасдан ўзини дарёга ташлайди ҳамда болани қутқариб олади. Бу воқеага гувоҳ бўлган ҳалиги ҳинд Бобурни олдига келиб таслим бўлади.

У ҳар қандай қийин вазиятдан чиқиб кетиш, бир сўз билан айтганда, тадбиркорлик ҳам хос эди.Бу хислати унинг давлатни бошқариш, дипломатик муносабатлар ўрнатиш, ҳарбий юришларда ғалаба қозониш каби фаолиятида намоён бўлади. Хусусан,Деҳли ҳукмдори Иброҳим Лўдийга қарши олиб борган Панипат жангини бунга мисол қилиб келтириш мумкин. Бу жанг 1526 йил 21 апрелда бўлиб ўтади.

Маълумотларга кўра, Иброҳим Лўдийнинг 100 мингга яқин аскари ва мингга яқин жангари филлари мавжуд эди. Бобурда эса 12 минг аскар бўлган. Шунда Бобур янгича – тўлғама усулини қўллайди, яъни душман сафининг икки ёнидан тартибсиз ҳужум қилиб, шошириб қўяди ва душманнинг орқа томонига ўтиб олади. Жангда Бобур ғалаба қозонади. Шундан сўнг шимолий Ҳиндистон, Деҳли ва Агра шаҳарлари қўлга киритилади.

Хулоса қилиб айтганда, Заҳириддин МуҳаммадБобур ўз фаолияти давомида мукаммал, комил инсон бўлишга ҳаракат қилди ва давр, замонлар ўзгарса-да, ҳеч қачон эскирмайдиган, инсонийликка хос бўлган шахсий хислатлар эгаси сифатида ҳам ҳозирги кунгача яшаб келмоқда.

Наргиза Хидирова,

тарих фанлари номзоди

ФА Тарих институти катта илмий ходими

 


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!