Ўзбекистоннинг Истанбулдаги бош консулхонаси Туркияга боришни режалаштираётган фуқароларга мурожаат қилди

Ўзбекистоннинг Истанбулдаги бош консулхонаси Туркияга боришни режалаштираётган фуқароларга мурожаат қилди

Жорий йил сентябрь ойида «Тошкент-Истанбул-Тошкент» йўналиши бўйича мунтазам рейслар тиклангандан сўнг фуқароларнинг Туркияга турли мақсаддаги (бизнес, даволаниш, ўқиш, туризм ва ҳоказо) сафарлари сезиларли даражада ошди, деб хабар қилмоқда Ўзбекистоннинг Истанбул шаҳридаги бош консулхонаси.

Қайд этилишича, Ўзбекистонга қайтаётганда 72 соатдан кўп бўлмаган муддатда топширилган ПЗР-тест таҳлили талаб этилади ва баъзи фуқароларда ушбу тестларнинг натижаси мусбат чиқаётгани аниқланмоқда.

Туркиядаги тегишли вазирлик ва ташкилотларнинг баёнларига мувофиқ, COVID-19 суғуртасига эга чет эл фуқаролари касалланиб қолганда давлат ташкилотларида бепул даволанишлари мумкин. Шунингдек, касалликни енгил ўтказаётган туристларнинг 10-14 кунлик карантин муддатини меҳмонхона махсус хонасида ўтказишлари ва бунинг учун кетган харажатлар ҳам суғурта ҳисобидан қопланиши белгиланган.

Шу билан бирга, коронавирус ташувчилари билан бевосита мулоқотда бўлган фуқароларнинг ҳам меҳмонхоналарда мажбурий карантинда қолишлари мажбурий бўлган ҳолатлар кузатилмоқда. Аммо, бу вазиятда фуқаро бевосита COVID-19 билан касалланмагани сабабли суғурта полислари меҳмонхонада қолиш харажатларини қоплашни назарда тутмаган.

Туркияга турли мақсадларда келишни режалаштираётган фуқароларга қуйидагиларни тавсия қилинган:

COVID-19 билан эҳтимолий касалланиш хавфини инобатга олиб, тиббий суғурта полисини сотиб олиш;

суғурта шартномасига «ПЗР тестининг натижаси салбий бўлишига қарамай, суғурталанувчи COVID-19 ташувчиси билан мулоқотда бўлганлик сабабли мажбурий карантинда қолишига тўғри келса, тегишли харажатларни қоплаш» тўғрисидаги бандни киритиш;

суғурта агентлигидан коронавирус инфекциясини юқтириш ҳолатида амалга ошириладиган зарур ҳаракатлар алгоритмини билиб олиш.

«Ўз навбатида, COVID-19 билан касалланишнинг олдини олиш мақсадида, шунингдек, ҳуқуқни муҳофаза қилиш идоралари томонидан карантин чоралари кучайтирилгани муносабати билан вирусга қарши гигиенага ва ижтимоий масофага қатъий амал қилишингизни сўраб қоламиз», - дейилади бош консулхона мурожаатида.


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!