Ўзбекистондаги деярли барча аттракционлар хавфли деб топилди

Ўзбекистондаги деярли барча аттракционлар хавфли деб топилди

Бугунги кунда Ўзбекистон ҳудудидаги истироҳат боғларида аҳолига хизмат кўрсатаётган аттракционларнинг барчаси инсон ҳаёти учун хавфли эканлиги аниқланди, деб хабар қилмоқда ЎзА.

Бу ҳақда махсус ташкил этилган матбуот анжуманида Саноат хавфсизлиги давлат қўмитаси раиси Бахтиёр Ғуломов маълум қилди.

– Маданият ва истироҳат боғларидаги аттракционларнинг аксарияти фойдаланиш талабларига жавоб бермайди. Юртимизга кўп аттракционлар хорижий давлатлардан, хусусан, Хитой Республикасидан олиб келинади. Ўзимизда ҳам ишлаб чиқарилаётган аттракционлар бор. Аммо етарли тажрибага эга конструкторлар йўқлиги сабабли юртимизда ишлаб чиқарилаётган аттракционлар талабга тўлиқ жавоб бермайди. Бу ҳолат эса инсон ҳаёти учун хавфлидир, – деди Бахтиёр Ғуломов.  

Ғуломов айтишига қараганда, 28 июнда Жиззахда содир бўлган инсон ўлими билан боғлиқ фожиа ҳам Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган аттракционда рўй берган.

Ушбу бахсиз ҳодисадан сўнг маҳаллий ҳокимият, Фавқулодда вазият вазирлиги, Маданият вазирлиги, Ёнғин хавфсизлиги бошқармаси, “Ўзэнергоинспекция” ҳамда Саноат хавфсизлиги қўмитаси вакилларидан иборат 16та комиссия тузилиб бутун Республика бўйлаб 1 845та аттракционлар текширувдан ўтказилган.

Текширув натижасида аниқланишига кўра, 1 292 та аттракционда техник паспорт йўқлиги, 1106 тасида - кунлик техник кўрикдан ўтказиш журнали йўқлиги, 928та  аттракционда - ишлатиш ва ўрнатиш бўйича йўриқномалар мавжуд эмаслиги аниқланган. Ундан ташқари аттракционларга бириктирилган ходимларнинг 1 258 нафарида ўқиганлик тўғрисидаги махсус гувоҳномалар йўқ ва улар техникадан фойдаланиш тартиб қоидаларини мутлақо билмаслиги аниқланган. Шунингдек 854 та аттракционда биринчи тиббий ёрдам кўрсатиш имконияти мавжуд эмас.

Келгусида болалар ҳаёти ва соғлиги билан боғлиқ нохуш ҳодисаларнинг олдини олиш мақсадида Саноат хавфсизлиги давлат қўмитаси таклифига биноан 2017-2019 йиллар оралиғида маданият ва истироҳат боғларига ўрнатилган аттракционлар сертификатлаштирилиб, уларга бириктирилган ходимлар махсус курсларда ўқитилади. Аттракционлар қуриш ва ишга туширишдан олдин техник кўрик ва синовлардан ўтказилади.

 


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!