Ўзбекистонда ўқитувчилар ортиқча қоғозбозликдан озод этилди

Ўзбекистонда ўқитувчилар ортиқча қоғозбозликдан озод этилди

10 декабрь куни Халқ таълим вазири ўқитувчиларни ортиқча қоғозбозликдан озод этиш буюрилган хатни Қорақалпоғистон Республикаси халқ таълими вазири, Тошкент шаҳар ва вилоятлар халқ таълими бошқармалари бошлиқларига йўллаган. Бу ҳақда Turon24 манбаси хабар берди.

Хатда Ўзбекистон президентининг 3907-қарорига кўра мактабларда ўқитувчилардан дарс (тўгарак) ва синф журнали юритишдан бошқа турдаги педагогик юкламалар бўйича ҳисобот ва қўшимча маълумотлар талаб қилиниши тақиқлангани айтиб ўтилган. Шу боис ўқитувчиларнинг иш ҳужжатлари 7 тадан 3 тагача (синф журнали, конспект ва йиллик тақвим режа) қисқартирилди.

"Олдинлари ўқитувчиларнинг иш ҳужжатлари 12 тадан 7 тага туширилган эди, ҳозир эса 3 тагача қисқартирилди. Бу қарор ўқитувчиларнинг вақтини тежашга йўналтирилган бўлиб, уларнинг ўз устида ишлашига ва таълим бериш сифатини оширишга хизмат қилади. Айтиб ўтиш жоизки, журнал ҳамда ўқувчининг кундалигини электрон тизимга ўтказиш 2021 йилгача босқичма-босқич амалга оширилади", – дейди Халқ таълим вазирлиги матбуот котиби Анвар Умаров.

Шу билан бирга: 

юқорида айтиб ўтилган 3 та ҳужжатдан ташқари бирорта ортиқча ҳужжат ва ҳисоботлар юритилиши; 

турли маънавий-маърифий тадбирлар учун медиаматериаллар тайёрлаш ёки ўқувчиларнинг уйларига бориб ота-оналари билан ўтказилган суҳбат ҳақида медиаҳисобот талаб этилиши; 

маҳаллий ҳокимликлар томонидан муассаса раҳбарлари ёки ўқитувчиларнинг ҳар қандай мажбурий меҳнатга, йиғилишга ва тадбирларга "томошабин" сифатида жалб этилиши;

ташкил этилаётган ҳашарларга (президент ва ҳукумат қарорлари бундан мустасно) педагогларни жалб этилиши, ходимларнинг бир кунлик иш ҳақи ташкилотларга ўтказиб берилиши;

ҳар хил газета ва журналларга мажбурий обуна, коммунал тўловлар учун ойлик иш ҳақидан олиб қолиниши ёки бошқа ноқонуний бадаллар йиғилиши тақиқланади.

Шунингдек, хатда бошқарма бошлиқлари, туман (шаҳар) халқ таълими бўлими мудирлари ва мактаб раҳбарлари ўқитувчилардан ортиқча қоғозбозлик, ҳисоботлар талаб этилишига чек қўйишлари ҳақида сўнгги марта қатъий огоҳлантирилган.

Turon24


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!