Ўзбекистонда терговчилар тайёрлаш билан шуғулланадиган янги олий таълим муассасаси ташкил этилади

Ўзбекистонда терговчилар тайёрлаш билан шуғулланадиган янги олий таълим муассасаси ташкил этилади

Президент “Суд-тергов фаолиятида шахснинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш кафолатларини янада кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонни имзолади.

Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси:

бир ой муддатда Давлат хавфсизлик хизмати, Ички ишлар вазирлиги ва бошқа манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда тергов соҳасида малакали кадрларни тайёрлашга ихтисослашган олий таълим муассасасини ташкил этиш бўйича таклифларни ишлаб чиқиш;

икки ой муддатда прокуратура органларининг белгиланган штат бирлиги доирасида Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоят ва Тошкент шаҳар прокуратуралари тизимида прокурор-криминалист лавозимини жорий этиш;

уч ой муддатда Давлат бюджети параметрларида прокуратура органлари учун ажратилган маблағлар доирасида ва бюджетдан ташқари маблағлари ҳисобидан прокурор-криминалистларни замонавий махсус жиҳозлар билан таъминлаш чораларини кўради.

Фармонда белгиланган чора-тадбирларнинг самарали ва ўз вақтида амалга оширилишини таъминлаш мақсадида бир ой муддатда:

Ўзбекистон Республикаси бош прокурори (Йўлдошев), Давлат хавфсизлик хизмати раиси (Азизов), ички ишлар вазири (Бобожонов), Миллий гвардия қўмондони (Жўраев) ва Давлат божхона қўмитаси раиси (Азимов) — республика ва вилоятлар даражасидаги ҳайъат йиғилишларини онлайн тарзда ўтказиб, унда суриштирув ва дастлабки тергов тузилмалари раҳбарлари ва масъул ходимларига суд-тергов фаолиятида шахснинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш кафолатларини таъминлаш бўйича янги қабул қилинган чоралар мазмун-моҳияти етказилиши ва амалиётга тўғри татбиқ этилишини таъминлайди;

Ўзбекистон Республикаси Олий суди раиси (Комилов) — Олий суд Пленумининг навбатдан ташқари йиғилишида қабул қилинган Фармон нормалари судларда тўғри татбиқ этилиши, шунингдек, суд-тергов фаолиятида шахснинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш кафолатларини таъминлаш устидан суд назоратини кучайтириш масалаларини кўриб чиқади;

Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги директори (Хўжаев) Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги, Миллий телерадиокомпанияси ва «Дунё» ахборот агентлиги билан биргаликда — оммавий ахборот воситалари, маҳаллий ва хорижий экспертлар ҳамда фуқаролик жамияти институтларини жалб қилган ҳолда ушбу Фармонда белгиланган чора-тадбирларни аҳоли ва экспертлар ҳамжамияти орасида кенг ёритиш чораларини кўради.


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!