Ўзбекистонда “Оқила аёллар” фаол аъзолари рағбатлантирилади

Ўзбекистонда “Оқила аёллар” фаол аъзолари рағбатлантирилади

Ўзбекистонда 1 сентябрдан бошлаб “Оқила аёллар” фаол ва ташаббускор аъзолари рағбатлантирилади. Бу ҳақда Вазирлар Маҳкамаси қарорида белгиланди.

Унга кўра, “Оқила аёллар” фаол ва ташаббускор аъзолари Оила ва хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш давлат мақсадли жамғармаси ҳамда “Маърифат” тарғиботчилар жамиятига ажратилган маблағлар ҳисобидан ҳар олти ой якунига кўра меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдорида рағбатлантирилади.

Бунда республика, ҳудудий ва туман (шаҳар)лардаги “Оқила аёллар” ҳаракати фаолиятининг натижаларини Оила ва хотин-қизлар қўмитаси ва унинг ҳудудий бўлинмалари йиғилишларида ҳар ярим йилликда бир маротаба муҳокама қилиб, фаолият самарадорлиги натижаларига кўра юқори кўрсаткичга эришган “Оқила аёллар” ҳаракатининг энг фаол ва ташаббускор аъзолари аниқланади.

Бунда

  • Республика даражасида 10 нафар;
  • Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар даражасида 3 нафардан,
  • Туман (шаҳар)лар даражасида 2 нафардан рағбатлантирилади.

Маҳалладаги хотин-қизлар фаоллари ишининг самарадорлик кўрсаткичини баҳолаш натижаларига асосан Оила ва хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш давлат мақсадли жамғармаси маблағлари, ҳомийлик хайриялари ва қонунчиликда тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан ҳар олти ой якуни бўйича энг юқори натижаларга эришган 300 нафар хотин-қизлар фаолларини меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдорининг бир баравари миқдорида рағбатлантирилади.

Рағбатлантириш тартиби қўмита томонидан белгиланади.

Маълумот учун, Оила ва хотин-қизлар давлат қўмитаси ва унинг ҳудудий тузилмаларида доимий фаолият юритувчи жамоатчилик тузилмаси — “Оқила аёллар” ҳаракати 2022 йилда ташкил этилган. Ёшлар ўртасида оилавий-ҳуқуқий муносабатлар, оилавий ҳаёт психологияси, оила иқтисоди ва бюджети ҳамда “Оила – муқаддас” тушунчасини кенг тарғиб қилиш ҳаракатнинг асосий вазифаларидан ҳисобланади.


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!