Россиядаги Украина армиясининг янги ғалабалари эълон қилинди
Урушни ўрганиш бўйича Америка институти (ISW) экспертлари фронтдаги вазият ҳақидаги янги ҳисоботида Украина қўшинлари Курск вилоятидаги янги секторда Россия чегарасини бузиб ўтгани ҳақидаги маълумотни тасдиқлади, аммо бу операция кўлами ҳали ҳам кичик бўлиб қолмоқда.
Геолокацияланган кадрларга таянган ISW маълумотларига кўра, Украина қуролли кучлари Веселое қишлоғига жанубдан яқинлашган (у вилоят марказидан жануби-ғарбда – Глушково қишлоғида ва Украина билан чегарадан 3,5 километр узоқликда жойлашган).
Россия манбаларининг даъво қилишича, Украина қуролли кучлари Веселоедан шарқда - Новий Пут ва Медвеже қишлоқлари яқинида рус ҳарбийларига ҳужум қилган. Россиялик ҳарбий блогерлар Украина қуролли кучлари Веселоега кира олмаганини даъво қилмоқда.
ISW Украина президенти Владимир Зеленскийнинг баёнотларига таяниб ёзганидек, Украина қуролли кучларининг Курск вилоятига бостириб кириши Россия армиясининг буфер зона яратиш мақсадида Украина билан бутун чегараси бўйлаб ҳужум қилиш режаларини барбод қилган кўринади.
Шу билан бирга, Зеленский таъкидлаганидек, Украина Россиянинг қарши ҳужум операциясининг «жиддий муваффақиятларини» ҳали кўрмади.
ISW таъкидлашича, Россия ҳозирча Украина кучларини Курск вилоятидан бутунлай чиқариб юборишга қаратилган кенг кўламли қарши ҳужум операциясини ўтказмаяпти.
Урушни ўрганиш институти маълумотларига кўра, бундай операция Украина ҳужумига қарши курашиш учун аллақачон жойлаштирилганидан кўра кўпроқ ресурсларни талаб қилиши мумкин.
Шу билан бирга, ИСW экспертларининг таъкидлашича, Россия катта эҳтимол билан Украинадан ҳарбий хизматчиларни ўтказишга мажбур бўлади, чунки Курск вилоятига юборилган ҳарбий қисмларнинг катта қисми жанговар тажрибага эга эмас.
Афтидан, ҳозирча қарши ҳужум асосан Украинадаги фронтдан Курск вилоятига қайта жойлаштирилган ҳаво-десант кучлари томонидан амалга оширилмоқда, деб ёзади ИСW экспертлари.