Ўзбекистонда камбағаллик чегараси белгиланди

Ўзбекистонда камбағаллик чегараси белгиланди

Ўзбекистонда киши бошига минимал истеъмол харажатлар бир ойда 498 минг сўмни ташкил этиши ҳисоб-китоб қилинди. Мазкур кўрсаткичдан мамлакатда камбағаллик чегарасини белгилашда фойдаланилади.

Давлат статистика қўмитасининг хабар беришича, минимал истеъмол харажатлари қиймати 2021 йилда республиканинг барча ҳудудларида 10,6 минг уй хўжаликлари ўртасида ўтказилган кузатув натижалари асосида ҳисобланган.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 27 августдаги «Минимал истеъмол харажатлари қийматини ҳисоблаш тартибини амалиётга жорий этиш тўғрисида»ги 544 сон қарорига асосан 2021 йилда республиканинг барча ҳудудларида 10,6 минг уй хўжаликлари ўртасида ўтказилган кузатув натижалари асосида минимал истеъмол харажатлари қиймати ҳисобланган.

Бунда халқаро услубиётдан келиб чиқиб, минимал истеъмол харажатларни ҳисоблашда сўровномада иштирок этган уй хўжаликлари харажатлари миқдори бўйича ўнта гуруҳга ажратилиб, ушбу оилалар орасидан энг кам харажат (даромад)га эга бўлган 30 фоиз уй хўжаликлари ажратиб олинди.

Сўровнома асосида мазкур уй хўжаликларида жон бошига кунлик истеъмол қилинадиган озиқ-овқат (2200 килокалория) ва зарур бўлган ноозиқ-овқат товарлар ҳамда хизматлар учун минимал истеъмол харажатлар бир ойда киши бошига 498 минг сўмни ташкил этиши ҳисоб-китоб қилинган.

Маълумки, 2020 йилда 5,4 минг уй хўжалиги ўртасида ўтказилган сўровнома якуни бўйича дастлабки ҳисобланган минимал истеъмол харажатлари 2021 йил нархларида 440 минг сўмни ташкил этиб, ўтган йилнинг май ойида эълон қилинган.

Жаҳон тажрибасида минимал истеъмол харажатлари кўрсаткичидан камбағаллик чегараси сифатида фойдаланиш кенг тарқалган бўлиб, мазкур кўрсаткичдан:

  • давлатнинг моддий ва бошқа ижтимоий кўмакларига муҳтож аҳолининг мақсадли (таргет) гуруҳини аниқлаш;
  • мамлакат камбағаллик чегарасини белгилашда фойдаланиш ва бунда таргет гуруҳдаги аҳолининг реал истеъмол хусусиятлари ва талабларини инобатга олиш;
  • камбағалликка қарши курашиш стратегияси ва дастурларида белгиланган вазифа ва чора-тадбирларнинг натижадорлиги ҳамда манзиллилигини ошириш, шунингдек, уларнинг доимий мониторингини юритиш;
  • пенсиялар ва нафақаларнинг энг кам миқдорини белгилаш, шунингдек, камбағал оилаларга бериладиган бошқа турдаги моддий кўмакларни кўрсатишда мезон сифатида фойдаланилади.

Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!